Илмли ва маънавиятли ёшлар – юрт келажаги пойдевори
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Оқ йўл сизга, азиз битирувчи!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Мазкур маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаментининг бошлиғи, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Академия профессор-ўқитувчилари, битирувчи талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тантанали маросимда сўзга чиққанлар талабаларга олган билимларини Ватан ва халқ равнақи йўлида сарфламоқлик ҳар бир фарзанднинг бурчи эканини таъкидлаб, битирувчиларга келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар, Исломшунослик ва Мумтоз шарқ филологияси факультети ҳамда 10 та кафедра фаолият юритмоқда. 2025/2026 ўқув йилида 591 нафар талаба бакалавриат ҳамда 125 нафар йигит-қиз магистратура босқичини тамомламоқда.
Маънавий-маърифий байрам тадбирида бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар, битирувчи ёшлар ҳамда фаол талабалар тақдирланди.
Тадбир давомида бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар, битирувчи талабалар ҳамда фаол ёшларга тантанали равишда диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, Академия тарихида илк бор таҳсил олишда ҳар томонлама фаол бўлган, ўқишни аъло баҳолар билан тамомлаб, имтиёзли диплом олиши белгиланган ҳамда талабалик даври давомида ушбу илм даргоҳи маънавий-маърифий ҳаётида ўзининг ташаббускорлиги билан алоҳида ўрин эгаллаган, ижтимоий фаол ҳамда мазкур маърифат маскани нуфузини оширишга хизмат қилган талаба-ёшларни муносиб рағбатлантириш мақсадида “Академия фахри” кўкрак нишони, гувоҳномаси ҳамда “Академия фахри” махсус дипломи билан тақдирлаш тизими жорий 2025-2026 ўқув йилидан йўлга қўйилди.

Ушбу ташаббус доирасида Академиянинг мазкур ўқув йилида битираётган жами 42 нафар аълочи ва ҳар томонлама фаол талаба-ёшлари тақдирланди.
Самимий ва қизғин мулоқот шаклида ўтган учрашувда битирувчи талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари Академия раҳбарияти ва устозларга миннатдорлик билдирди.
Театрлаштирилган саҳна кўринишлари, “Қувноқлар ва зукколар” маърифий дастурлари, талабалар томонидан куйланган куй-қўшиқлар, шеърлар, меҳмон санъаткорларнинг чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Н.Усмонова, ЎзА