Икки таниқли рассом кўргазмаси
Пойтахтимиздаги Марказий кўргазмалар залида “Бизнинг мерос” туркумидан Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев (1931–2004) ҳамда таниқли мусаввир Тешабой Пирматов (1936–2008) таваллуд саналарига бағишланган юбилей кўргазмаси очилди.
Мазкур кўргазма орқали ўзбек тасвирий санъатининг ёрқин намояндалари бўлган икки рассомнинг бой ижодий мероси кенг жамоатчиликка намойиш этилиб, уларнинг санъат ривожига қўшган муносиб ҳиссаси эътироф этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, Тешабой Пирматов ижоди кенг кўламли мавзулар, деҳқон ва меҳнаткаш инсонлар ҳаёти, она табиат гўзаллиги ҳамда қишлоқ турмушини юксак бадиий маҳорат билан акс эттиргани билан ажралиб туради.
Экспозицияда рассомнинг “Маккажўхори етиштирувчилар”, “Пилла”, “Биз пахтакормиз” каби машҳур асарлари ҳам ўрин олган.
[gallery-30662]
Рассом ижодининг ўзига хос жиҳатлари ранглар уйғунлиги, композициянинг мукаммаллиги, образларнинг чуқур маънодорлиги ҳамда самимий ифодаси билан намоён бўлади. Унинг асарларида инсон меҳнати, оддийлик ва ҳаётга муҳаббат бош ғоя сифатида талқин этилади.
Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Рўзи Чориев эса ўзбек тасвирий санъатида, айниқса, портрет жанрининг юксалишига улкан ҳисса қўшган ижодкорлардан биридир.
Унинг ижодида Сурхондарё табиати, халқ турмуши, инсон руҳияти ва миллий қадриятлар ўзига хос бадиий ечимда акс этган.
Кўргазмадан ўрин олган асарлар рассомларнинг ижодий қарашлари, бадиий услуби ҳамда ўзбек тасвирий санъати тараққиётидаги беқиёс ўрнини яна бир бор намоён этади.
Таъкидлаш жоизки, кўргазма экспозицияси Бадиий кўргазмалар дирекцияси фонди ҳамда рассом Тешабой Пирматовнинг ўғли Улуғбек Пирматовнинг шахсий коллекцияси асосида шакллантирилган.
Кўргазма жорий йил 30 августга қадар давом этади.
Гулноза Бобоева,
Ойбек Пардаев(сурат),
ЎзА