Англиянинг Ливерпуль шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида “World Boxing” ташкилоти томонидан илк маротаба ташкил этилган жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасида 60 килограммгача вазн тоифасида ҳамюртимиз Абдумалик Халоқов олтин медални қўлга киритди ва фаолиятида иккинчи бор жаҳон чемпионига айланди.

Бугун спортда юқори натижага эришиш учун жисмоний куч ва техник тайёргарлик билан бирга, юксак маънавий фазилатлар, ақл ва руҳий тайёргарлик ҳам жуда муҳим. Айтайлик, катта майдонга энди қадам қўйган ёш спортчи тажрибали рақибга рўбарў келса, “кучим етармикан” дея ҳадиксираши табиий. Оқибатда баҳсдан олдин руҳан мағлубиятини тан олиб қўйиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олишда малакали мураббийлар, тиббиёт мутахассислари ва психологлар ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Улар спортчиларнинг иродасини мустаҳкамлаши, ғалабага интилишини кучайтириши, турли допинг воситалари ҳақидаги билимини юксалтириши лозим.  

Ҳозир мамлакатимизда барча спорт турлари қатори бокс билан шуғулланаётганлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Айниқса, Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Наманган, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм вилоятларида бокс тўгаракларидан етишиб чиқаётган ёш истеъдодларнинг натижалари таҳсинга лойиқ.  

Ҳозирда профессионал боксчиларимиз орасида Баҳодир Жалолов, Бектемир Мелиқўзиев, Муроджон Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов,  Исроил Мадримов қайд этаётган натижаларига дунё ҳавас қилмоқда.   Улар  ҳаваскор бокс бўйича қайд этган натижаларни такрорлаётган Абдумалик Халоқов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Фазлиддин Эркинбоев, Жавоҳир Умматалиев, Акмалжон Исроилов, Тўрабек Ҳабибуллаев, Лазизбек Муллажонов, Ҳасанбой Дўсматов қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Осиё ҳамда Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлмоқда.  

Ушбу иқтидорли чарм қўлқоп усталарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш спортдаги ютуқларнинг муҳим омили. Шу сабабли ҳам бугун дунё боксида ўзбек ўғлонлари ёрқин ғалабалари билан ўчмас из қолдирмоқда.  

Ҳозирда ана шундай муваффақиятларни давом эттираётган боксчиларимиздан бири Абдумалик Халоқовдир. Абдумалик 2000 йилнинг 9 апрель куни Бухорода таваллуд топган. У дастлаб 7 ёшида спорт гимнастикасининг акробатика йўналишида икки йил давомида шуғулланади. Тўққиз ёшида эса дастлаб спорт курашлари ва бокс тўгаракларига боради. Отаси Анвар ака ўзи боксчи бўлгани боис ўғлига мазкур спорт тури билан жиддий шуғулланишини маслаҳат беради. Ёш спортчимиз отасининг бу таклифига қаршилик кўрсатмайди ҳамда илк мураббийи Ҳамид Раҳматов қўл остида бокснинг сир-асрорларини ўрганади.  

Маҳаллий мусобақаларда иштирок этиб, хато ва камчиликлар устида ишлаб, машғулотларга зўр берган Абдумалик 2012 йилги ўсмирлар ўртасидаги мамлакат чемпионатининг 48 килограмм вазн тоифасида рингга кўтарилади ва кумуш медални қўлга киритган ҳолда ёшлар терма жамоаси сафига киради. Орадан бир йил ўтиб эса Ўзбекистон чемпионига айланади. Аста-секин ўз маҳоратини ошириб борган боксчимиз Қозоғистонда ўтган халқаро турнирда кумуш медаль соҳибига айланади ва шундан сўнг халқаро миқёсда ўзини кўрсата бошлайди.

Таиландда 2017 йили ёшлар ўртасида ўтган Осиё чемпионатида иккинчи ўринни эгаллайди. 2018 йил Таиланднинг Бангкок шаҳрида ташкил этилган қитъа чемпионатида олтин медаль соҳибига айланади. Шунингдек, шу йили Венгрия мезбонлигида ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллайди. Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида ўтган III ўсмирлар Олимпия ўйинларининг бокс мусобақасида вазни 56 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари баҳсида А.Халоқов финалда украиналик Максим Галиничевни 5:0 ҳисобида таслим этиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Боксчимиз 2021 йил БААда катталар ўртасидаги қитъа биринчилигида бронза, Сербияда ўтган жаҳон чемпионатида кумуш медаль билан юртимизга қайтди. Абдумалик учун 2022 йил ҳам муваффақиятли ўтди. Ушбу йилда у Болгариянинг София шаҳрида ўтказилган “Странжа” халқаро турнирида ғолиб бўлди. Иорданияда ўтган Осиё чемпионатида барча рақибларини енгиб, ўз медалларига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.

2023 йил Абдумалик учун катта ютуқларга бой ўтди. Дастлаб, пойтахтимизда ўтказилган жаҳон чемпионатида 57 килограмм вазн тоифасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган бўлса, Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ташкил этилган Осиё ўйинларида олтин медалга эга чиқди. Шунингдек, у мазкур ғалабаси натижасида “Париж-2024” Олимпия ўйинлари йўлланмасини ҳам қўлга киритди. Ҳаваскор боксда улкан муваффақиятларга эришаётган Абдумалик Халоқов 2023 йилнинг ноябрь ойида профессионал боксда илк жангини ўтказди ва унда ғалаба қозонди. Йил якунида Ўзбекистоннинг энг яхши спортчиси дея эътироф этилди. Давлатимиз раҳбари томонидан эса “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланди.  

2024 йил боксчимиз учун омадли бўлди. У дастаб Болгарияда ташкил этилган “Странжа” турнирида олтин медалга сазовор бўлди. Шунингдек, Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган XXXIII Олимпия ўйинларида делегациямиз байроқдори бўлди ва бокс мусобақаларида барча рақибларини таслим этган ҳолда Олимпиада чемпионига айланди.  

Олимпия ўйинларида ҳар томонлама муносиб қатнашиб, Ватанимиз тарихида мислсиз натижаларга эришгани, Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини ошириш, ёш авлодни она юртга муҳаббат, миллий ғурур ва ифтихор туйғулари руҳида тарбиялаш борасидаги катта хизматлари учун спортчимиз «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланди.

Ҳа, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатидек йирик спорт анжуманларида ғалаба қозониш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун ҳар бир спортчимизга доимий эътибор, тинч ва осойишта турмуш, замонавий шарт-шароитда пухта тайёргарлик ҳамда малакали мураббийлар кўмаги керак. Озод ва обод Ўзбекистонимизда бу омилларнинг барчаси мавжудлиги спортчиларимиз дунёда тенгсиз бўлишига катта умид ва ишонч бағишламоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА

Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Икки бор дунёда тенгсиз бўлган ўзбек ўғлони