Ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар бўйича матбуот анжумани ташкил этилди.
Янги Ўзбекистон ички ишлар органлари фаолияти юзасидан йил сарҳисоби: таҳлил, натижа ва камчиликлар ҳамда устувор вазифаларга бағишланган тадбирда вазирлик раҳбарияти, соҳавий хизматлар бошлиқлари, ҳудудий студиялардан ИИВ, ИИББ, ИИБ раҳбарларининг ўринбосарлари қатнашди.
Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов соҳага доир барча маълумотларни журналистлар эътиборига ҳавола қилди. ИИВ Ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов тизимда очиқликни таъминлашга қаратилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

–Давлатимиз раҳбарининг хавфсизликни таъминлаш масаласига бўлган доимий эътибори ва тинимсиз саъй-ҳаракатлари бугунги дунёда авж олиб бораётган таҳликали шароитда юртимизда тинчлик ва хотиржамлик муҳитини сақлаб туриш учун замин яратмоқда, – деди Р.Ашропов. – Ички ишлар органлари тизими ходимлари жиноятчиликка қарши курашиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш каби вазифаларни изчил амалга оширмоқда.
2025 йилда ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш барча раҳбарлар учун устувор вазифа этиб белгиланди. Шу асосда криминоген вазияти оғир 1 минг 235 маҳаллага масъул раҳбарлар бириктирилиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар аниқ белгилаб берилди. Маҳаллаларга хизмат қилувчи 84 “Ҳуқуқ-тартибот маскани” ташкил этилди. Бу эса ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиб, аҳолининг кундалик муаммолари қисқа муддатларда жойида ҳал этилишига имкон яратди.

Амалга оширилган тизимли ишлар натижасида 39 фоиз ёки 3 минг 503 маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмади.
Тизимда очиқликни таъминлаш ишлари ҳам изчил йўлга қўйилган. Коррупция ва бошқа салбий ҳолатларга барҳам бериш мақсадида “Бурчга садоқат” лойиҳаси, криминоген вазияти оғир “қизил” тоифада бўлган маҳаллалар бўйича “Қизил ҳудуд” лойиҳаси йўлга қўйилган. ОАВ билан ҳамкорликда жамоатчилик сўровлари ўтказилмоқда.
Қўриқлаш департаменти томонидан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида ўтган даврда олдини олиш мумкин бўлган ўғриликлар сони 9 фоизга камайишига эришилди. Ташвиш тугмаларининг ўрнатилиши натижасида 10 минг 450 жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинди.
Инспекторлик текшируви натижасида жиддий камчиликларга йўл қўйган 71 нафар ходим, шундан 57 нафар раҳбар интизомий жавобгарликка тортилган. 29 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда сусткашликка йўл қўйган 108 нафар ходим интизомий жазоланган. Коррупцияга қарши курашиш йўналишида 250 ҳолатда ходимлар фуқаролар томонидан таклиф этилган порани рад этган.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА