IChO–2026: Ўзбекистонда 58-Халқаро кимё олимпиадаси тантанали равишда якунланди
Пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида IChO–2026 — 58-Халқаро кимё олимпиадасининг якунларига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбир ҳақиқий билим, маърифат ва заковат байрамига айланди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Илҳом Сирожев, мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, хорижий элчихоналар вакиллари, олимпиада иштирокчилари, тегишли вазирлик ва ташкилотлар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Марказий Осиё давлатлари тарихида илк бор Ўзбекистон мезбонлик қилган мазкур олимпиадада дунёнинг 94 давлатидан келган қарийб 1 000 нафар ўқувчи, жамоа раҳбарлари, Халқаро илмий қўмита аъзолари, кузатувчилар ва хорижий меҳмонлар қатнашди.
Иштирокчилар бир ҳафта давомида амалий ва назарий синовларда ўз билимларини намойиш этди. Шунингдек, улар мамлакатимизнинг диққатга сазовор тарихий ва маданий обидалари билан танишди.
Тантанали маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Илҳом Сирожев ҳамда 58-Халқаро кимё олимпиадаси Бошқарув қўмитаси раиси Жон Леон Киапеес Ўзбекистонда халқаро олимпиаданинг ўтказилиши Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижаси эканини таъкидлади.
— Меҳмонни қанчалик улуғлашларини биз Ўзбекистон мисолида кўрдик, — деди 58-Халқаро кимё олимпиадаси Бошқарув қўмитаси раиси Жон Леон Киапеес. — Бу ерда иштирокчилар нафақат билимларини синовдан ўтказдилар, балки дўстлашдилар, ўзаро мулоқот қилдилар. Олимпиаданинг юксак руҳда ўтганига гувоҳ бўлиб, «Минг раҳмат, Ўзбекистон!» деган самимий ташаккур ҳар бир қатнашчининг қалбидан жой олганига ишонаман. Ҳумо қуши ўзбек халқининг ўзига хос рамзи ҳисобланади. У доимо парвозда бўлади. Олимпиада иштирокчиларига ҳам ана шундай юксак парвозлар тилайман.
58-Халқаро кимё олимпиадаси синовлари икки босқич — амалий ва назарий йўналишларда ташкил этилди.
[gallery-30474]
Белгиланган тартибга мувофиқ, амалий имтиҳон учун максимал 40 балл, назарий имтиҳон учун эса максимал 60 балл ажратилди. Шу тариқа умумий натижа 100 баллни ташкил этди.
Амалий босқичда иштирокчилар учта лаборатория топшириғини бажарди ва бунинг учун уларга беш соат вақт берилди.
Назарий босқичда эса кимё фанидан тўққизта масала таклиф қилиниб, уларни ечиш учун беш соат ажратилди. Масалалар орасида Ўзбекистон тарихи, табиати ва илмий салоҳиятига оид қизиқарли саволлар ҳам ўрин олди.
— Олимпиада жуда мураккаб ва қизғин рақобат шароитида ўтди, — деди филиппинлик ўқувчи Азман Усоп. — Топшириқлар орасида Ўзбекистонга оид қизиқарли саволлар ҳам бор эди. Юртингиз менда катта таассурот қолдирди. Унинг тарихи, маданияти ва буюк алломаларига қизиқишим янада ортди. Чорсу бозоридан кўплаб эсдалик совғалари харид қилдик. Ўзбекистон нафақат халқаро олимпиада мезбони, балки бой тарих ва бетакрор маданиятга эга муқаддас юрт сифатида ҳам қалбимиздан жой олди. Мен «Ассалому алайкум», «раҳмат», «хуш келибсиз» каби бир нечта ўзбекча ибораларни ҳам ўрганиб олдим.
— Ўзбекистон ушбу халқаро олимпиадани юксак масъулият билан ташкил этди, — деди Уммон Султонлигидан келган тьютор Амани Алофи. — Ушбу билимлар мусобақаси орқали Ўзбекистоннинг меҳмондўст ва меҳмоннавоз мамлакат эканига яна бир бор амин бўлдик. Бу ерда жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган буюк алломалар меросини асраб-авайлашга катта эътибор қаратилаётганини кўрдик. Мамлакатнинг тарихи, маданияти ва илмий-маънавий мероси ҳар бир иштирокчида чуқур таассурот қолдирди.
Олимпиада якунларига кўра, кўплаб иштирокчилар рағбатлантирувчи дипломларга сазовор бўлди. Шунингдек, 112 нафар иштирокчи бронза, 74 нафари кумуш ва 41 нафари олтин медаль билан тақдирланди.
Тантанали тақдирлаш маросимида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг барчаси совриндорлар сафидан ўрин олди. Жумладан, Райҳона Туймуродова олтин медаль, Жасур Мустафоев, Азизмуҳаммад Ҳафизов ва Миржалол Ҳомиджонов кумуш медалларни қўлга киритди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, нуфузли халқаро олимпиадаларда медаль соҳибларига қуйидаги миқдорда пул мукофотлари берилиши белгиланган: олтин медаль учун — 1 миллиард 30 миллион сўм, унинг ўқитувчисига — 185,4 миллион сўм; кумуш медаль учун — 618 миллион сўм, ўқитувчисига — 103 миллион сўм; бронза медаль учун — 412 миллион сўм, ўқитувчисига — 61,8 миллион сўм.
Ўзбекистонда ўтказилган IChO–2026 — 58-Халқаро кимё олимпиадаси нафақат кимё фанининг энг иқтидорли билимдонларини аниқлади, балки ёш олимларни янги ғоялар, илмий изланишлар ва юксак кашфиётлар сари илҳомлантирувчи нуфузли халқаро майдон сифатида ҳам тарихда муносиб ўрин эгаллади.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (суратлар),
ЎзА мухбирлари.