Ички ишлар вазири мактабларда хавфсизликни таъминлашга эътибор қаратди
Дунё миқёсида таълим муассасаларига нисбатан турли хавф-хатарлар юзага келаётгани жамоатчиликни жиддий ташвишга солмоқда. Айниқса, мактаблар хавфсизлигини таъминлаш масаласи бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбарининг “Хавфсиз мактаб” тизимини жорий этиш бўйича топшириқларининг ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар сарҳисоби бўйича Тошкент шаҳрида муҳим йиғилиш ташкил этилди.
Унда ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари, Тошкент шаҳри таълим муассасалари раҳбарлари, мактаб директорлари ҳамда уларда хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган мутасаддилар иштирок этди.

Тадбирда таълим муассасаларида хавфсизликни кучайтириш, ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Пойтахтимизда 326 давлат мактабининг барчасида хавфсизлик тизимлари кучайтирилиб, босқичма-босқич қўриқлаш тизимига олинмоқда. Шу билан бирга, юздан ортиқ хусусий мактаб ва яна кўплаб ўқув марказларидаги мавжуд хавфсизлик тизимлари таҳлил қилиниб, уларни янада такомиллаштириш бўйича аниқ ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, кириш-чиқиш назоратини кучайтириш, видеокузатув тизимларини кенгайтириш, қўриқлаш хизматлари самарадорлигини ошириш ва фавқулодда ҳолатларда тезкор ҳаракат қилиш механизмларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирда таълим муассасаларида хизмат олиб бораётган қоровуллар учун мутлақо янгича ёндашув асосида махсус ўқув тизими йўлга қўйилган. Ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш ҳамда таълим соҳаси мутахассислари ҳамкорлигида ташкил этилган бепул, амалий ва интенсив ўқув курслари орқали касбий маҳорати тубдан оширилмоқда.

Амалий машғулотларда эса ёнғин ва фавқулодда ҳолатлар моделлаштирилиб, экстремал шароитларда вазиятни назорат қилиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, мактаблар атрофида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва босим остида ҳам тўғри ҳаракат қилиш қобилиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ички ишлар вазири томонидан мактабларда фавқулодда ҳамда техноген ҳолатларга тайёргарлик бўйича ўқув амалий машғулотларни ўтказиш, инспектор психологлар фаолияти, ўқувчиларнинг дарслардаги доимий иштирокини таъминлаш, мактабларда хавфсизликни рақамлашган тарзда ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Ўқувчилар ўртасида хавфсизлик маданиятини шакллантириш, уларни турли таҳдидларга нисбатан ҳушёрликка ўргатиш муҳимлиги таъкидланди. Бу борада профилактик суҳбатлар, амалий машғулотлар ва тушунтириш ишларини мунтазам ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда сўзга чиққан таълим муассасалари раҳбарлари ҳам “Хавфсиз мактаб” тизимини жорий этиш, таълим даргоҳлари учун ҳам ғоят муҳим вазифа экани ва бу борада ҳамкорликни мустаҳкам давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
Тошкент шаҳрида шакллантирилаётган “Хавфсиз мактаб” концепцияси босқичма-босқич мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жорий этилиши режалаштирилган.
Айни вақтда давлатимиз раҳбари томонидан пойтахт тажрибасини жорий этиш бўйича белгилаб берилган топшириқлари ижроси доирасида Тошкент шаҳри миқёсида Қўриқлаш бўлинмаларининг тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлари, қўриқловга олинган объектлардан келиб тушган ташвиш сигналларидан сўнг 3-5 дақиқада чақирув манзилига етиб бориш имконияти яратилди.
Ички ишлар вазири томонидан бу борада олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш, айниқса мактабларда хавфсизликни таъминлашга эътибор қаратиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Президентимизнинг ички ишлар органлари тизими моддий техника базасини янада мустаҳкамлаш борасидаги эътибори натижасида тақдим этилган 50 та янги хизмат автомобили ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларига тантанали равишда топширилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА