Ички ишлар бўлинмалари янги бинода
Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ҳамда Шароф Рашидов туманларида ички ишлар бўлинмаларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.
Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ҳамда Шароф Рашидов туманларида ички ишлар бўлинмаларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди. Биноларнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирок этди.
Ғаллорол тумани ички ишлар бўлимининг 5-сонли бўлинмаси Лалмикор шаҳарчасидаги 1975 йил қурилган иншоотда фаолият юритиб келаётган эди. Бинонинг эскилиги 57 минг 400 дан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган тўққизта қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлашга замонавий технологияларни жорий этишга имкон бермаётган эди.
Эски иншоот бузиб ташланиб, ўрнида қисқа муддатда замонавий янги бино бунёд этилди. Янги бинода навбатчилик қисми, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи, жиноят қидирув бўлими ходимлари ҳамда профилактика инспекторлари хоналари мебель ва алоқа воситалари билан таъминланди.

Бўлинмадаги ситуацион марказга уланган 16 та видеокузатув қурилмалари орқали ҳудуддаги аҳоли пунктлари, 50 та кўча ва гавжум жойлар мунтазам назорат қилинмоқда. Сўров, вақтинча ушлаб туриш ҳамда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хоналари видеокузатув ускуналари билан жиҳозланган.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ушбу бўлинма жойлашган Лалмикор шаҳарчасида яшовчи 4 та эҳтиёжманд оилага озиқ-овқат ва маиший электротехника жиҳозлари топширилди.
Шунингдек, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Шароф Рашидов туманидаги 8-сонли ички ишлар бўлинмаси янги биносининг фойдаланишишга топшириш маросимида ҳам иштирок этди ва мазкур бинода шароит ва имкониятлар билан танишди.
Ички ишлар вазири вилоятнинг бир қатор ҳудудларида бўлиб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар сифатини ҳамда карантин муносабати билан ташкил этилган блок-постларда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари фаолиятини ўрганди.