Ибратли оилалар — фаровон ҳаёт асоси
Шимоли-ғарбий ҳарбий округи Маънавият ва маърифат марказида юксак маънавиятни, оилада соғлом турмиш тарзини, мустаҳкам оила қадриятлари ва ибратли ҳаёт тарзини тарғиб этишга қаратилган – “Мен ибратли ҳарбий оила бекасиман” шиори остида “Ибратли ҳарбий оила” кўрик-танловининг округ босқичи ўтказилди.
Мазкур танлов нафақат оддий беллашув, балки ҳарбий оилалар ҳаётидаги меҳр, садоқат, матонат ва фидойиликни улуғловчи маънавий майдон сифатида намоён бўлди. Унда иштирок этган оилалар ўзларининг нафақат уй бекаси сифатидаги маҳоратини, балки миллий анъаналарга бўлган чуқур ҳурмати, фарзанд тарбиясидаги ибратли ёндашувлари ҳамда оилавий тотувликни акс эттирувчи чиқишлари билан ажралиб турди.
Кўрик-танлов бешта шарт асосида ҳарбий оилаларнинг миллий урф-одатлар ва қадриятларни ўзида мужассам этган чиқишлари томошабинларга байрамона кайфият улашди. Ҳар бир оила саҳнада ўзига хос ёндашув ва юксак масъулият билан ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, сабр-тоқат ва садоқат каби эзгу фазилатлар ёрқин ифодасини намоён этди.
Иштирокчиларнинг чиқишлари тажрибали ва холис ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатли баҳолаб борилди. Натижаларга кўра, энг фаол, ташаббускор ва намунали оила танловнинг кейинги босқичи учун йўлланмани қўлга киритди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди. Ушбу кўрик-танлов ҳарбий оилаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ибратли оилаларни кенг жамоатчиликка намуна сифатида тарғиб этишда муҳим ўрин тутди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.