Ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб очилди
Бухоро шаҳрида муборак Рамазон ҳайити ва Наврўз умумхалқ байрами арафасида яна бир қувончли воқеа рўй берди. Буюк аллома Абу Али ибн Сино номи билан аталган ихтисослаштирилган мактабнинг янги филиали ўз фаолиятини бошлади. Бу нафақат таълим соҳасидаги муҳим қадам, балки юртимизнинг маънавий-маърифий ҳаётида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Мазкур таълим муассасаси аввалги “Меҳрибонлик уйи” ўрнида барпо этилган бўлиб, унинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди. У ўз сўзида бундай замонавий таълим масканлари келажак авлод тарбиясида муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
Янги мактаб нафақат замонавий билимлар берувчи таълим даргоҳи, балки аждодимиз Ибн Синонинг бой илмий меросини ёшлар онгига сингдиришга хизмат қиладиган маърифат ўчоғи ҳисобланади. Бу ерда таҳсил олаётган ўқувчилар чуқур билим олиш, илмий изланишларга қизиқиш уйғотиш ҳамда келажакда юртимизнинг муносиб вакиллари бўлиб етишиш имконига эга бўлади.
[gallery-28265]
Рамзий лента қирқилиб, иштирокчилар мактабда яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишди. Ушбу таълим муассасаси барча талабларга жавоб берадиган инфратузилмага эга бўлиб, уни барпо этиш учун жами 13,5 миллиард сўм маблағ сарфланган. Уч қаватли замонавий бинода 360 нафар ўқувчи таҳсил олиши мумкин. Шу билан бирга, 120 ўринли ётоқхона, 28 та замонавий синфхона, 3 та фан лабораторияси, кутубхона, спорт зали ва бошқа барча зарур қулайликлар яратилган.
Мактабда ўқувчиларнинг иқтидорини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, “Language Stars”, “Аниқ ҳисоб академияси”, “Ижод ва илҳом мактаби”, “Реакция ва натижа”, “Илм ва табиат” каби тўгараклар фаолият юритмоқда. Бу тўгараклар орқали ўқувчилар ўз қобилиятларини намоён этиш, янги билим ва кўникмаларни эгаллаш имкониятига эга бўлмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, мактаб ҳали янги фаолият бошлаганига қарамасдан, аллақачон ўз иқтидорли ўқувчилари билан ажралиб турибди. Ҳозир 66 нафар ўқувчи табиий фанлар йўналишида таҳсил олмоқда. Қисқа вақт ичида улар турли фан олимпиадаларида муносиб натижаларни қайд этишга улгурди, бу эса таълим сифати ва ўқитувчилар салоҳияти юқори эканини кўрсатади.Вилоят раҳбари ва жамоатчилик вакиллари келажак авлодга бўлган ишонч рамзи сифатида мактаб ҳовлисига дарахт кўчатлари ўтқазди. Бу эзгу анъана ёшларни табиатга меҳр, юртга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Ибн Сино номи билан аталган мазкур ихтисослаштирилган мактаб Бухорода таълим сифатини янада ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган мутахассисларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари