Ибн Сино меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров “Ибн Сино” жамоат фонди Бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов билан учрашди.
Мулоқот давомида буюк аллома Абу Али ибн Синонинг жаҳон илм-фани, хусусан, тиббиёт ва фармакология ривожига қўшган улкан ҳиссасини кенг тарғиб этиш, унинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ҳамда ушбу йўналишдаги халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, алломанинг номи ва илмий меросини халқаро миқёсда тарғиб этишга хизмат қилувчи миллий брендни яратиш ва ривожлантириш, шунингдек, Ибн Сино меросини ўрганишга қаратилган илмий-амалий тадбирларни ҳамкорликда ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда илгари сурилган муҳим ташаббуслардан бири — жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистон олимларининг Ҳиндистонга илк илмий экспедициясини ташкил этиш масаласи бўлди. Режага кўра, экспедиция давомида Ҳиндистонда сақланаётган Ибн Синога оид қўлёзмаларни ўрганиш, маҳаллий олимлар, шунингдек, фармакология ва фармацевтика назорати соҳаси мутахассислари билан илмий учрашувлар ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур илмий экспедиция Ибн Синонинг тиббиёт ва фармакологияга оид илмий меросини замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш, мавжуд илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги халқаро ҳамкорлик йўналишларини шакллантириш учун муҳим имконият яратади.
Шунингдек, ташаббус буюк алломанинг илмий меросини Ўзбекистонда ва хорижда кенг тарғиб этиш, унинг жаҳон илм-фани тараққиётидаги ўрнини янада чуқурроқ ўрганиш ҳамда Ибн Сино номини халқаро илмий-маданий маконда муносиб тарғиб этишга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА