Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 мартдаги “Давлат божхона хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида“ фармонида соҳада амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) билан ҳамкорликда божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Бу ҳақда Божхона қўмитасида Халқаро валюта фондининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти Бош иқтисодчиси Алехандро Симон билан учрашувда сўз юритилди.

Учрашувда қўмита раисининг ўринбосари Н.Мусамуҳамедов Ўзбекистонда божхона тизимини янада ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди.
Халқаро валюта фондининг Даромадларни бошқариш департаменти етакчи мутахассисларининг Божхона қўмитасидаги диагностик миссиясига старт берилди.

Миссия давомида Божхона қўмитаси марказий аппарати таркибий тузилмалари фаолияти ўрганилиб, келгусидаги мақсадларни белгилаш орқали соҳани янада ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсиялар тақдим этиш назарда тутилган.
Миссия 25 апрелга қадар давом этади.
Ш.Маматуропова, ЎзА