Ҳуқуқшунос ҳақидаги китоб тақдимоти
Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги 44-ўрта мактабда ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги подполковник, ҳозир Жиноят ишлари бўйича Кўкдала туман суди раиси бўлиб ишлаётган Ўктам Расуловнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Ҳуқуқшунослик оламининг бир вакили” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда ички ишлар органлари фахрийлари, вилоят суди жиноий ишлари бўйича судьялари, мактаб педагогика жамоаси ва ўқувчилари, китоб қаҳрамонининг оила аъзолари, синфдош ва курсдошлари ва бошқалар иштирок этишди.

Тақдимотда сўз олган истеъфодаги полковниклар Содиқ Исломов, Омонгелди Туропов, вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси Ҳамид Бобоқулов, журналист Жўра Бобораҳмат ва бошқалар китобда мустақиллик йилларида мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимларида амалга оширилган ислоҳотлар, эл-юрт осойишталигини таъминлаш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги машаққатли ва шарафли хизмат фидойисининг ёрқин ҳаёт йўли тасвирланганини эътироф этишди.

– Одатда кучли инсонлар ҳаётда юксак мартабани оддийлиги билан қўлга киритади. Ҳар қандай оддийлик мукаммалликнинг интиҳосидир. Ўктамжон билан ички ишлар органларида узоқ йиллар бирга ишладик. Худди ота-боладек қадрдон эдик. Муносабатимизда сунъийлик бўлмаган. У терговчи сифатида жиноят ишларига чуқур таҳлиллар жараёнида аниқ ташхис қўйиши билан ажралиб турарди. Прокуратура ёки суд томонидан эътирозлар тушмаган. Айниқса, айбланувчилар ҳам, жабрланувчилар адолатли баҳодан хурсанд бўлишган. У инсоний хислатлари билан одамларнинг эътиборига тушган эди. Бундай инсонлар жамиятнинг таянчи, одамларнинг ҳуқуқий ҳимоячиси, суянчиси бўлишади. Китобда Ўктамжоннинг ҳаёти ҳаққоний ёритилганлиги мени жуда мамнун этди, – дейди истеъфодаги полковник Убайдулла Исмоилов.

Бундан ташқари, китобда Ўктам Расуловнинг адвокатлик ва суд тизимидаги фаолияти давомида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, адолат тантанаси йўлидаги саъй-ҳаракатлар, тергов ва суд жараёнидаги инсонлар тақдирига муносабатлари ўз ифодасини топган.

Вилоят ҳуқуқ-тартибот тизимларида кўп йиллар давомида самарали хизмат қилиб, бугунги кунда ёшларни она Ватанга муҳаббат, хизмат бурчига садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Ўктам Расулов фаолиятига бағишланган китоб ёш ҳуқуқшунослар учун яхши манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Тадбир якунида Ўктам Расулов ўзи таълим олган мактабга ики юз дона китоб совға қилди.
Китоб муаллифлари шоир Ўроз Ҳайдар ва Баҳриддин Алиқуловдир.
Содиқ Раҳимов, журналист. ЎзА