Ҳуқуқий маҳаллада “Адлия сайли”
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан 4900 нафар аҳоли истиқомат қилаётган Ховос туманидаги Янгиер маҳалласига ҳуқуқий маҳалла мақоми берилиб, ушбу маҳалла аҳолиси учун “Адлия сайли” ўтказилди.
– Бугунги кунни ислоҳотларсиз ва ўзгаришларсиз тасаввур этиш қийин. Инсон қадри улуғланаётган юртда аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, тизимли ҳал этиш мақсадида Сирдарё вилоятининг Ховос туманида “Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси ишга туширилиб, унга асосан тумандаги Янгиер маҳалласига “Ҳуқуқий маҳалла” мақомини бердик. Бундан кўзланган мақсад аҳолига профессионал ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш баробарида уларни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш. Ўйлайманки, "Ҳуқуқий маҳалла" лойиҳаси, у асосда ўтказилаётган "Адлия сайли" орқали бу муаммолларга албатта ечим топамиз, –дейди Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Бобур Назаров.
"Ҳуқуқий маҳалла" лойиҳаси доирасида "Янгиер" МФЙда ўтказилган “Адлия сайли"да аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилиб, муаммо ва масалалар ўрганилиб, кўплари шу жойнинг ўзида хал этилди.
Ўтказилган қабул давомида 50 дан зиёд турли мазмундаги мурожаат қабул қилинди. Шундан 20 та мурожаат жойида ўз ечимини топди. 12 та мурожаат юзасидан зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, ўрганиш муддат талаб этадиган 18 та мурожаат иш юритувга қабул қилинди ва ижроси алоҳида назоратга олинди.
Аҳолининг газ ва энергоресурслардан фойдаланиш бўйича янгиликлардан хабардорлигини ошириш, газ ва энергия ресурслари тежамкорлигига эришиш, қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган салбий ва кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ушбу тадбирга газ ва электр таъминоти корхоналари вакиллари ҳам таклиф этилди. Улар томонидан аҳоли муаммолари тингланиб, ечилиши мумкин бўлганлари шу жойнинг ўзида ечилиб, вақт талаб этиладиган масалалар юзасидан тушунчалар берилди.
[gallery-20829]
Ёшларнинг билим ва салоҳиятини юзага чиқариш мақсадида "Тенгдошимга ҳуқуқий ёрдам” лойиҳаси доирасида викторина ўйинлари ҳам ташкил этилиб, ёшларнинг Конституцияга доир билимлари синовдан ўтказилган бўлса, Юридик хизмат кўрсатиш маркази, ФҲДЁ, Давлат хизматлари маркази, нотариус ва адвокатлар томонидан аҳолига ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди.
Лойиҳа доирасида уйма-уй юриш орқали фуқаролар билан мулоқот қилиниб, уларнинг ҳуқуқий муаммолари ўрганилмоқда. Бугунга қадар маҳаллада олиб борилган ўрганишлар давомида 1167 та ҳуқуқий муаммо аниқланиб, 704 таси ижобий ҳал этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири