Ҳуқуқий билим ва зукколик майдонида ғолиблар аниқланди
Гулистон шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан оила ва хотин-қизлар фаоллари ҳамда тизим ходимлари ўртасида ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган “Ҳуқуқий заковат” интеллектуал ўйинининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 апрелдаги “2026-2027 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбир иштирокчиларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, қонунларга ҳурмат руҳини юксалтириш, ҳуқуқий онг ва маданиятни ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Беллашувда иштирок этган жамоалар ҳуқуқшунослик, амалдаги қонунчилик ва ҳуқуқий ислоҳотларга оид мураккаб саволлар асосида ўз билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди. Ҳар бир шарт иштирокчилардан пухта тайёргарлик билан бир қаторда тезкор фикрлаш, вазиятни таҳлил қилиш, мантиқий хулоса чиқариш ва тўғри қарор қабул қилиш қобилиятини тақозо қилди.
[gallery-30887]
Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда жамоалар ўзаро фикр алмашиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилди. Айрим саволларга жавоб топишда ҳуқуқий билим билан бирга кенг дунёқараш, ҳозиржавоблик ва зукколик ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Беллашув якунига кўра, Гулистон шаҳар жамоаси энг юқори натижани қайд этиб, фахрли 1-ўринни эгаллади. Боёвут тумани жамоаси 2-ўринга, Сардоба тумани жамоаси эса 3-ўринга сазовор бўлди.
Тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндор жамоаларнинг беллашувдаги фаол иштироки ҳамда эришган натижалари эътироф этилди. Уларга дипломлар ва эсдалик совғалари топширилди.
– Бундай интеллектуал беллашувлар оила ва хотин-қизлар фаоллари ҳамда тизим ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни қонунчиликдаги янгиликлардан мунтазам хабардор бўлишга ундаш, мустақил ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бўлим бошлиғи Умида Бекмурзаева.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА