Ҳунармандларимиз дунёдаги энг йирик халқаро кўргазмада иштирок этади
Пойтахтимизда Республика "Ҳунарманд" уюшмаси масъуллари Италиянинг GEFI S.p.A. компанияси раҳбари Антонио Интиглиетта билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида мамлакатимиз ҳунармандларининг “Artigiano in Fiera” халқаро кўргазмасидаги иштироки самарадорлигини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, ҳунармандчилик маҳсулотларини тарғибот материаллари, каталоглар ва тарқатма воситалар билан бойитиш, намойиш этилаётган маҳсулотлар ассортиментини кенгайтириш ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

Маълумки, “Artigiano in Fiera” дунёдаги энг йирик ва нуфузли халқаро ҳунармандчилик кўргазмаси бўлиб, ҳар йили Италиянинг Милан шаҳрида ўтказилади. Тадбир дунёнинг турли бурчакларидан минглаб ҳунармандларни жамлаб, турли мамлакатлар маданияти ва маҳсулотлари билан танишиш имконини беради. Кўргазмага ташриф буюрувчилар нафақат ҳунармандчилик маҳсулотларини томоша қилади, балки ҳунармандлардан тўғридан-тўғри маҳсулотлар ва миллий таомларни сотиб олишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий ҳунармандчилик меросини халқаро майдонда кенг тарғиб этиш ва янги имкониятларни яратиш борасида келишувларга эришди.
Таъкидланганидек, ушбу мулоқот Ўзбекистон ҳунармандларининг жаҳон бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш ва миллий маҳсулотларимизнинг халқаро тан олинишига хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА