Ҳумоюн Султонов навбатдаги совринини кўзламоқда
Халқаро теннис федерацияси томонидан Мисрда эркаклар ўртасида ўтказилаётган теннис турнирида ҳамюртимиз Ҳумоюн Султонов ҳам иштирок этмоқда.
Мусобақанинг яккалик баҳсларининг биринчи даврасида Ҳумоюн Султонов мисрлик Амр Элсайидни 1:6, 6:4, 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратди ва иккинчи босқичда грузиялик Саба Пуртселадзега қарши кортга чиқадиган бўлди.
Шунингдек, мамлакатимизнинг эркаклар ўртасидаги биринчи рақамли теннисчиси бўлган Султонов жуфтликлар ўртасида украиналик Юрий Жавакян билан тандем ҳосил қилиб, илк даврада мезбон теннисчилар Карим Муҳаммад Маъмун ва Муҳаммад Сафқатни 6:2, 6:3 ҳисобида енгди. Энди Ҳумоюн ва Юрий чорак финалда қозоғистонлик Григорий Ломакин ва нейтрал теннисчи Илия Симакин билан рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА