Ҳудудларни қайтариб олиш анча мушкул...
Россия-Украина
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Украинадаги инқироз қачон тугаши ҳақида аниқ фикр айта олмади, фақат зиддият чўзилишидан хавотирда эканини билдирди.
“Мен келажакни айтиб бера оладиган афсунгар эмасман. Можаро чўзилиши дунёга, айниқса, ривожланаётган мамлакатларга жиддий таъсир кўрсатади”, деди у.
Қўшма Штатлар ва Италия Украинага ҳарбий ёки бошқа турдаги ёрдамни қанча зарур бўлса, шунча таъминлашга тайёр эканини маълум қилди. Бундай келишув Президент Жо Байден ва Бош вазир Жоржа Мелонининг Вашингтондаги музокараси якуни бўйича қабул қилинган баёнотда акс этган. Мелони қўшимча қилишича, Украина воқеалари Италияни АҚШ билан яқинлаштирди.
“Муносабатимиз яхши эди, Украина зиддияти бошланиши билан алоқалар янада мустаҳкамланди”, деган у.
Қўшма Штатлар Давлат департаменти бош инспектори девони тарқатган баёнотда “Украинадаги коррупция АҚШ кўрсатаётган кўмак самарадорлигига таҳдид қилади, бу ҳолат жиддий назорат йўлга қўйилишини талаб қилади”, дейилган.
Америкалик сенатор Жон Тестер маълум қилишича, Оқ уй август ойида Конгрессга Украинага қўшимча ёрдам кўрсатиш масаласида мурожаат қилади. Ушбу баёнотни “Politico” журналисти келтирган. Ушбу нашр АҚШ ҳукумати сентябрь ойидан бошлаб Украинага “Abrams” танкларини жўната бошлашини ҳам ўз манбаларига таяниб ошкор қилди:
– Август ойида бир неча танк Германияда тўлиқ модернизация қилингач, Киевга жўнатилади.
Украина Қуролли кучлари “Таврия” гуруҳи қўмондони Александр Тарнавский “Би-би-си” радиокорпорациясига интервьюсида эътироф этишича, россиялик ҳарбийлар малакаси Киев жанг майдонида муваффақият қозонишига йўл қўймаяпти.
Ғарб мамлакатлари Украинани қўллаб-қувватлаш учун Жанубий Африка Республикасига босим ўтказишди. Бу фикрни “Африка миллий конгресси” ҳукмрон партияси бош котиби биринчи ўринбосари Номвула Моконьяне билдирди:
– Украина атрофидаги зиддият Африка ва Глобал Жануб мамлакатларида сезилди. ЖАРга ҳам босим ўтказилиб, Украинани қўллаш таклиф қилинди. Бу жараёнда Ғарб сиёсатининг иккиюзламачилиги кўринади.
Украина Россиядан талаб қилаётган ҳудудларни қайтариб ололмайди. АҚШ разведка ҳамжамияти вакилининг бу фикрини америкалик таниқли публицист Сеймур Херш “Substack” платформасидаги мақоласида келтирган.
– Аниқ гап шуки, урушдаги кучлар баланси кўриниб қолди, – дейди Хершнинг разведка идораларидаги манбаси. – Кремль истаганини олди – Қрим ва Украинанинг тўрт вилоятини қўлга киритди. Энди Киев бу ҳудудларни қайтариб олиши мумкин эмас. Зеленскийда ўзини омон сақлаб қолишдан бошқа режа йўқ.
Австрия ҳукумати май ойи охирида Украина ҳудудларини минадан тозалашни молиялаштириш учун ваъда қилинган икки миллион еврони бермади. Бу ҳақда “ORF” радиосига “Янги Австрия – Либерал форум” партияси депутати Гельмут Брандштеттер маълум қилди.
Сўнгги тўққиз кунда Украинанинг 26 объекти инфратузилмаси ёки портлари бардоб бўлди, дея баёнот берди Бош вазирнинг қайта тиклаш ишлари бўйича ўринбосари Александр Кубраков. Мамлакатнинг “Жануб” қуролли кучлари оператив қўмондонлиги вакили Наталья Гуменюк “AFP” агентлигига маълум қилишича, бандаргоҳлардан фойдаланиш режаси барбод бўлмоқда, мавжудларини яқин ойларда йўқотишимиз эҳтимоли юқори.
Украина Президенти Владимир Зеленский, мансабдор шахслар хорижга чиқиб кетиши можаросидан кейин, бундан буён депутатлар ва амалдорларнинг чет элга чиқиш режаси сонияларга қадар текширилиши лозим, деди.
“Ким давлатга хизмат қилишдан дам олмоқчи бўлса, давлат ҳам бундай шахслардан дам олади”, деди етакчи ижтимоий тармоқ орқали тарқатган видеомурожаатида.
Аброр ХОН,
ЎзА