Ҳозирча марра – “Жасорат мактаби”
Хоразм вилоятида “Жасорат мактаблари”га кириш имтиҳонларининг иккинчи босқичи, яъни жисмоний тайёргарлик синовлари бўлиб ўтмоқда.
2026-2027 ўқув йили учун вилоятда фаолият юритаётган 13 та “Жасорат мактаби”га 338 та қабул квотаси ажратилган бўлиб, ушбу ўринлар учун 1869 нафар талабгор ҳужжат топширган.
Янгибозор туманидаги 1-сон умумтаълим мактабида ташкил этилган синовларни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев очиб берди. У номзодларга омад тилаб, синовларнинг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш муҳим эканини таъкидлади.
[gallery-30738]
Шунингдек, вазир ўринбосари жисмоний тайёргарлик синовлари жараёнини бевосита кузатди. Имтиҳонларни ташкил этиш тартиби билан ҳам танишди. Педагоглар, масъуллар ва талабгорларнинг ота-оналари билан мулоқот қилиб, уларнинг фикр ва таклифларини тинглади.
– Синовларни кузатиб, гувоҳ бўляпмизки, – дейди талабгорнинг онаси Нозима Болтаева. – Бош мақсади саралар ичидан энг муносибларини танлаб олиш бўлган ушбу майдонда ёшлар ўз иродаси ва кучини намойиш этмоқда. Ўғлимнинг ҳозирча интилган марраси шу “Жасорат мактаблари”дир. Олдинда эса бўлажак посбонимни янги марралар кутмоқда.
Номзодлар 30 метрга югуриш, турган жойдан узунликка сакраш, эгилувчанлик, қўл кучи ҳамда арқончада сакраш бўйича белгиланган меъёрлар асосида баҳоланмоқда.
Жисмоний тайёргарлик синовлари очиқлик, шаффофлик ва холислик тамойиллари асосида ташкил этилиб, номзодларнинг жисмоний салоҳияти ҳамда тайёргарлик даражасини аниқлашга хизмат қилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари