Рустам Қосимов ҳақида ўйлаганимда кўз олдимда жамоат ва давлат арбоби, таниқли, шарқшунос олим, дипломат, олий таълим фидойиси, ташкилотчиси намоён бўлади.
Мен Рустам Қосимов билан бирга ишлаш, ҳамкор, ҳамфикр, дўст бўлиш бахтига муяссар бўлганман.
Рустам Қосимов қаерда, қандай лавозимда ишламасин ватанпарвар, миллатпарвар, маърифатпарвар, инсонпарвар шахс сифатида кўпчиликнинг қалбидан ўрин эгаллаган эди.
Рустам Қосимов Бош вазир ўринбосари, олий таълим вазири, Президент маслаҳатчиси, олий ўқув юрти ректорлари каби юқори лавозимларда фаолият кўрсатди. Бутун умрини мазкур соҳалар ривожи ва тараққиётига бағишлади. Жонажон ватанимизни халқаро миқёсда танилишига алоҳида эътибор қаратди. Бу йўлда у на азиз умрини, на саломатлигини аямади.
У дўстларга ғоятда вафодор, эътиборли, инсофли эди. Бугун ҳам олий таълим соҳасида, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида унинг ўрни ғоятда билинади. У ҳақидаги хотиралар ёдга олинади, у туфайли амалга оширилган эзгу ишлар саналади. Аслида, инсон умрининг абадияти шу эмасми?
Рустам Қосимовнинг, айниқса, мамлакатимиз олий таълим, қолаверса, бутун ижтимоий соҳаларга хизмати катта. У мустақилликни мустаҳкамлаш, Ватан, халқ, шаънини ҳимоя қилишга бутун ҳаётини бағишлади.
Мен Рустам Қосимовдаги ҳалоллик, камтарлик, садоқат туйғуларини ҳурмат қилганман. Бу борада ҳам кўпчилик Рустам Қосимовга ҳавас қилган. У талабчан ва бағрикенг, қаттиқўл ва самимий раҳбар сифатида ҳам бизнинг юрагимизда яшайди.
Ёнимиздаги инсонларни баъзан ҳаёт ташвишларига ўралашиб қолган ҳолда, баъзан эътиборсизлигимиз туфайли кўп ҳам қадрига етавермаймиз. Бу қадрни фақат улар вафот этгандан сўнг англаймиз.
Минг афсуски, Рустам Қосимовни ҳам қора булутлар айланганди. Унинг ҳаёт йўли, иш фаолияти мураккабликлар, зиддиятлар, баъзида адолатсизликлар билан кечгани барчамизга аён.
Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган Фармонига биноан Рустам Қосимовга вафотидан сўнг “Фидокорона хизматлари учун” ордени берилди.
Мамлакатимиз раҳбарининг бу эътибори, эҳтироми, ғамхўрлиги мени жуда тўлқинлантириб юборди. Демак, Янги Ўзбекистонда нафақат инсон қадри, балки инсон хотираси ҳам улуғланмоқда.
Демак, Рустам Қосимов беҳуда яшамабди. У қадрлаган халқи, уни бугун бошига кўтармоқда, хотирасини ёдга олмоқда. Ватан мустақиллиги учун курашганлар қаторига унинг номи ҳам ёзилмоқда.
Тасаввур қилиб кўринг, Рустам Қосимовнинг оиласи, яқинларининг ҳам боши осмонга етди. Бугун улар фахр-ифтихор билан: “Отамиз беҳуда яшамаган экан, отамизнинг жамиятда ўрни бор экан, қадри бор экан”, деган фикрга келишмоқда.
Хотира туйғуси олдида тирикларнинг ўз бурчи, масъулияти бор, албатта. Буни унутмаслик керак. Хотира унутилган жойда қадрият унутилади, келажак унутилади. Бу ҳолатни бошидан ўтказганлар жуда яхши билишади.
Мен мамлакатимиз зиёлилари, олимлари номидан Президентим Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирмоқчиман. Ҳар бир зиёлини, ҳар бир ватан фидойисини қалбида умид уйғотгани учун. Ишонч иморатини тиклагани учун, хотира қадрини бизга, жамиятга эслатгани учун.
Рустам Холмуродов,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.