Хотира – абадий, қадрлаш – эъзоздир
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоятида ҳам 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида кенг қамровли маънавий-маърифий учрашувлар, уч авлод мулоқотлари, ижодий кечалар, кўрик-танловлар ҳамда оммавий спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
Бу каби ташаббуслар ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва аждодлар хотирасига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-29293]
Вилоятнинг Термиз шаҳри, Музрабод ва Бойсун туманларида ҳам ана шундай учрашув ва маънавий-маърифий лойиҳалар ўтказилди. Хусусан, “Аждодлар изидан” ҳарбий-тарихий жамияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ўтказилган ташаббус алоҳида эътиборга лойиқ.
Мазкур учрашувлар 2000–2001 йилларда Сариосиё воқеалари давомида Ватан ҳимояси йўлида мардларча ҳалок бўлган сержант Муҳиддин Эштемиров, музрабодлик катта лейтенант Чори Ражабов ҳамда бойсунлик сержант Машраб Жўраевлар таҳсил олган умумтаълим мактабларида ўтказилди.
Учрашувлар доирасида Мудофаа вазирлиги тизимида фаолият юритиб, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти, жасорати ва фидойилиги ҳақида ҳикоя қилувчи “Миллат фидойилари” номли китоб-альбоми кенг жамоатчиликка тақдим этилиб, улар таҳсил олган мактаблар кутубхоналарига тантанали равишда топширилди. Мазкур жараёнларда “Аждодлар изидан” ҳарбий-тарихий жамияти вакиллари, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлимлари мутасаддилари, ўқувчи-ёшлар ҳамда марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган қаҳрамонларнинг жасорати ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг ёрқин хотираси ҳар бир юртдошимиз қалбида абадий яшашини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, “Миллат фидойилари” китоб-альбоми ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда мардлик, жасорат ва фидойилик фазилатларини шакллантиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди.
Учрашув давомида Термиз гарнизони ҳарбий оркестори томонидан Ватанга садоқат, жасорат ва матонатни мадҳ этувчи куй қўшиқлар, Фахрий қоровул жамоасининг саф чиқишлари намойиш этилди. Марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирилиб, уларнинг фарзандлари кўрсатган жасорат ва фидойилик бугунги ёшлар учун чинакам ибрат мактаби экани эътироф этилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА