Хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрни бор
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, шунингдек, аёлларни тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада ҳар бир ҳудудда, жумладан, Сурхондарё вилоятида ҳам хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ташаббуслари илгари сурилмоқда.
Шу каби эзгу мақсадларга хизмат қилувчи навбатдаги тадбир вилоят ҳокими ташаббуси билан Термиз шаҳридаги Санъат саройида ташкил этилди. Ушбу катта мотивацион учрашув ва концерт дастурида пойтахтдан ташриф буюрган эл суйган санъаткорлар, таниқли психолог ва мотиваторлар иштирок этди.
Ҳаётда турли синов ва тўсиқларга дуч келаётган хотин-қизларни руҳий қўллаб-қувватлаш, уларни соғлом ижтимоий муҳитга қайтариш, жамиятда ўз ўрнини топишига туртки бўлиш, орзу-мақсадлари сари ҳаракат қилишга руҳий далда бериш мақсадига қаратилган тадбирда мотивацион нутқлар, ижобий ҳаётий мисоллар, саҳнавий чиқишлар орқали аёлларга ҳар қандай оғир ҳолатдан чиқиш мумкинлиги, ўзига ишонч, қатъият ва сабр билан ҳаётда ўз ўрнини топиш мумкинлиги уқтирилди.
[gallery-23718]
Бундан ташқари, тадбир аёллар ўртасида ижобий фикрлаш маданиятини шакллантириш, ўз ҳаёти учун масъулият ҳиссини уйғотиш, ижтимоий муаммоларни енгиш учун психологик таянч бўлиши билан аҳамиятли.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА