Хотин-қизлар бандлиги ва ижтимоий ҳимоя
Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашда кичик ва ўрта бизнес субъектларининг ўрни етакчи бўлмоқда. Бухоро шаҳрида бир неча йиллардан буён фаолият юритиб келаётган “The End Lotos” текстиль корхонаси ана шундай ижобий ташаббусларнинг амалий намунаси сифатида эътироф этилади.
Мазкур корхонада айни пайтда ўн нафар хотин-қиз меҳнат қилиб, ўз оиласи даромадига муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу эса нафақат уларнинг шахсий фаровонлигини таъминлаш, балки ҳудудда аёллар бандлигини ошириш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда. Энг муҳими, иш билан таъминланган ҳар бир аёл ўз келажагига ишонч билан қараб, жамиятда муносиб ўрин эгаллаш имкониятига эга бўлмоқда.
Сўнгги йилларда ижтимоий суғурта тизимида амалга оширилган ислоҳотлар эса бу жараённи янада қўллаб-қувватламоқда. Илгари ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, шунингдек, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича тўловлар айрим ҳолларда иш берувчилар зиммасига юклатилар эди. Бу эса тадбиркорлар учун қўшимча молиявий юклама келтириб чиқариб, айрим ҳолларда иш ўринлари барқарорлигига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин эди.

Бугунги кунда эса мазкур тизим тубдан такомиллаштирилди. Энди бундай нафақалар тўлиқ Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан молиялаштирилмоқда. Бу ўзгаришлар, бир томондан, ходимлар учун кафолатларни мустаҳкамласа, иккинчи томондан, тадбиркорлар учун енгиллик ва барқарорлик яратмоқда.
Шу муносабат билан яқинда “The End Lotos” тикув корхонасида Давлат ижтимоий суғуртаси масалаларига бағишланган тарғибот тадбири ташкил этилди. Унда мутахассислар томонидан ходимларга тизимдаги янгиликлар, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари батафсил тушунтирилди. Шунингдек, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга аниқ ва асосли жавоблар берилди. Бу каби мулоқотлар аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, уларни мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга ундашда муҳим аҳамият касб этади.
Статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, Бухоро вилоятида ҳозирги кунга қадар ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси бўйича 2995 та ариза келиб тушган бўлиб, шундан 1782 нафар фуқарога нафақалар тўлаб берилган.

“The End Lotos” корхонаси мисоли шуни кўрсатадики, кичик ишлаб чиқариш субъектлари нафақат иқтисодий фаолликни ошириш, балки ижтимоий масалаларни ҳал этишда ҳам муҳим ўрин тутади. Айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали оилалар фаровонлигига, жамият барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатилади.
Хулоса қилиб айтганда, хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби ташаббуслар жамият тараққиётининг муҳим омилидир. Уларни изчил давом эттириш ва кенгайтириш эса барқарор ва фаровон келажакнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.