Хоразм вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Қўшкўпир туман маданият марказида “Пайшанба – Ёшлар куни” муносабати билан раҳбар ва ёшлар учрашуви ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосари Ўктам Машарипов ҳамда Қўшкўпир тумани ҳокими Шуҳрат Аҳмедов иштирок этди. Тадбирда туман ёшлари билан очиқ ва самимий мулоқот олиб борилди.

Учрашув давомида ёшларнинг долзарб муаммо ва таклифлари тингланиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
***
Янгибозор туманида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган кенг қамровли тиббий кўрик ташкил этилди.
Тиббий кўрик республикадан келган малакали мутахассислар иштирокида ўтказилиб, фуқаролар чуқур тиббий текширувдан ўтказилди.
Жараёнда турли йўналишлар бўйича шифокорлар томонидан бепул маслаҳатлар берилиб, аниқланган касалликлар юзасидан тегишли тавсиялар тақдим этилди.

Шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олишга қаратилган тушунтириш ишлари ҳам амалга оширилди.
***
Вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Ш.Муҳаматов томонидан Президентнинг тегишли қарорлари ижроси Урганч туманидаги Тадқиқотчилар ва Бободеҳқон маҳаллаларида ўрганилди.
Унда Бободеҳқон маҳалласидаги электр таъминоти, кўприк ва йўл қурилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилиб, масъулларга зарурий кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, жиноятларнинг барвақт олдини олиш мақсадида виктимологик ва ижтимоий профилактикани кучайтириш, оилавий зўравонликларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш юзасидан вазифалар белгиланди.
***
Урганч инновацион университетида “Талабалар баҳори – 2026” фестивали доирасида миллий қадриятларимиз ҳамда анъаналаримизни намоён этувчи “Ош чемпионати” бўлиб ўтди.

Жараёнларда университет маъмурияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалар фаол иштирок этди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА