Хонатлас фестивали (+видео)
Хонатлас – энг ёрқин рангларни мужассам этган ўзбек миллий матоси ҳисобланади. Миллий либослар ёшларда миллий меросимизни қадрлаш ва уни авайлаш туйғусини уйғотишда муҳим омилдир.
Бухоро давлат университетида “Хонатлас – 2023” фестивали ташкил этилди.
Дастлаб доира садолари остида миллий либосларни кийган талаба-қизларнинг паради ташкил этилди. Парад чинакам гўзаллик ва миллий либослар байрамига айланиб кетди.
Ўзбек хонатласи бутун дунёга машҳур. Ушбу матони ишлаб чиқариш технологияси 4 минг йилдан буён маълум.
[gallery-13789]
–Ипак матолардан тайёрланган буюмлар ҳар қанча қимматбаҳо бўлмасин, ғоят харидоргир бўлиб қолаверган, – дейди БухДУ Археология ва Бухоро тарихи кафедраси доценти, М.Қурбонова. –Улар аёллар кўркига кўрк қўшган, саройлар ҳашаматини оширган. Узоқ мозийда ҳам, бугун ҳам ипакдан рўмоллар, кўйлаклар тайёрлаш анъанаси давом этмоқда. Ўзбек миллий матолари деганда кўз ўнгимизда камалак рангларда товланувчи атласу адраслар намоён бўлади. Уста ҳунармандларнинг машаққатли меҳнати, қобилияти, маҳорати натижасида яралган атлас, адрас, беқасам каби бир-биридан бежирим матолар ниҳоятда қадрлидир.
Азалий қадриятларимизни ўзида ифода этган ушбу гўзал матолар миллий бойлигимиз саналади. Унда халқимизнинг узоқ ҳамда шонли ўтмиши, қадимий анъаналари, эстетик дунёқараши, диди ва ўзига хос хусусиятлари мужассам.
Атлас тўқиш Марғилонда жуда қадимдан ривожланган ва бошқа жойларга тарқалган. ХХ аср бошларида бу ерда кўплаб атлас тўқувчи косиблар бўлишган. 2017 йилда ўзбек ипак матоларини тўқиш технологияси ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани миллий матоларимизнинг жаҳон миқёсидаги юксак ўрнини намоён этади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VuO8Md4Kf9Q" title="Хонатлас фестивали" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Бугунги кунда йўқолиб бораётган анъаналарни асраб-авайлаш, жумладан, тарихий матоларни қайта тиклаш тобора муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, ипак матолар орасида энг машҳури абрли атлас ва хонатласдир. Уларнинг ўзига хослиги – безак ва гуллар матога эмас, балки ўриш ипининг ўзига чизилади. Айтайлик, узунлиги 200 метр, эни 40 сантиметр атласни тўқиш учун 3 минг 600 та ипак толани бир-бири билан уйғунлаштириш лозим. Битта тола узилса ҳам маҳсулот сифатига путур етади. Шу боис матога янги элемент қўшиш жуда қийин. Ипларни “абр” усулида бўяш ҳам катта маҳорат талаб этади. Эътиборлиси, барча ранглар табиий усулда, бўёқ берувчи гиёҳлардан тайёрланади. Шу боис улар ўз сифатини йўқотмайди, ранглар қоришиб кетмайди.
Тадбирда миллий куйлар садоси остида талаба қизлар учун “Хонатлас” деб номланган маҳорат дарси ўтказилди. Фестивалда концерт дастурлари, дизайнерлар тақдимоти, оммавий рақс дастурлари ҳам тақдим этилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари.