Хитойда инсультни даволашнинг янги усули яратилди
Гонконг университети тадқиқотчилари томонидан нейротерапия кукунини тўғри мияга етказадиган бурун спрейи яратилди. Бу янгилик ишемия инсультига дучор бўлган беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради, деб ёзган “South China Morning Post” нашри.
Дастлаб мазкур амалиёт фельдшерлар томонидан синаб кўрилади. Кейинчалик препаратни юқори хавф гуруҳига ихтисослашган муассасаларда қўллаш режалаштирилган. Шундан сўнг бурун спрейи дорихоналар орқали кенг оммага тақдим этилади.
“Nano Powder” номли бу восита мия тўқимаси шикастланишини 80 фоиздан кўпроқ камайтириши, омон қолиш даражасини сезиларли даражада ошириши кутиляпти. Ишланма аллақачон халқаро эътирофга сазовор бўлиб, Женевада бўлиб ўтган 51-халқаро ихтиролар кўргазмасида махсус Гран-при ва олтин медални қўлга киритди.
– Бу жараёнда қон-мия тўсиғини енгиб ўтиш учун нано-микрон технологиядан фойдаланяпмиз, – дейди Фармакология ва фармацевтика кафедраси тадқиқот гуруҳи раҳбари, Aвива профессори Чоу Син-фунг. – Бундай усул одатда кўп дориларнинг мияга киришига тўсқинлик қилади. Бевосита "бурундан мияга" йўналтириш препарат орқали тўппа-тўғри зарарланган ҳудудга таъсир қилиш имконини беради. Шу тариқа жарроҳлик амалиёти ёки инъекция юбориш эҳтиёжи бўлмайди.
Янги дори 2030 йилгача клиник синовдан ўтиши кутилмоқда.
Г.Сатторова, ЎзА