Хитойда глобал медиа туризм тақдимоти
Ганьнанда "Муқаддас Ганьнан – қалб сари саёҳат" шиори остида иккинчи Глобал медиа-туризм тақдимоти бошланди.
Июль ойининг энг гўзал палласида Ганьсу провинциясининг Ганьнан-Тибет автоном округи бетакрор қиёфа касб этган бир пайтда, Сяхэ туманидаги Сангкэ яйловида “Муқаддас Ганьнан – қалб сари саёҳат” шиори остида Ганьнаннинг туризм салоҳиятига бағишланган иккинчи (2026) Глобал медиа-тақдимотининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Турли мамлакатлардан ташриф буюрган оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар «тўққиз рангли Ганьнан»нинг ноёб табиати ва маданияти билан яқиндан танишиш учун баланд тоғ яйловларида жам бўлдилар.
Тадбирда Буюк Британия, Франция, Австралия, Канада, Испания, Малайзия ва Таиланд каби 23 мамлакатдан келган етакчи хорижий ОАВ журналистлари, машҳур интернет-блогерлар, хорижлик фотосуратчилар ҳамда Хитойнинг хориждаги хитой тилидаги ОАВ вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Ганьсу ҳудудида фаолият юритаётган Хитой марказий ОАВлари, Гонконг оммавий ахборот воситалари, вилоят, шаҳар ва туман даражасидаги ОАВлар, интернет платформалари ҳамда янги медиа вакиллари ҳам тадбирга қўшилди. Иштирокчилар Тибет платоси бўйлаб саёҳат қилиб, Ганьнаннинг бой табиий ва маданий мероси билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Ганьнан Синхай – Тибет платосининг шимоли-шарқий қисмида, уч вилоят ва тўққиз маъмурий ҳудуд туташган стратегик ҳудудда жойлашган. Бу ерда асрлар давомида деҳқончилик ва кўчманчи цивилизациялари уйғун ривожланган, Буюк Ипак йўли мероси замонавий тараққиёт билан уйғунлашган, турли миллатларнинг маданияти эса бой тарихий анъаналар билан чамбарчас боғланган. Ҳудуд Синхай – Тибет платоси билан Лёсс платоси ўртасидаги муҳим экологик тўсиқ ҳисобланади ҳамда очиқлик, самимийлик ва анъанавий қадриятларга ҳурмат руҳи билан машҳур.
Очилиш маросимида округ туризм соҳаси вакили “Муқаддас Ганьнан – қалб сари саёҳат” мавзусидаги тақдимотни ўтказиб, Тибет платосининг бетакрор табиий манзаралари, маҳаллий аҳолининг ўзига хос маданияти, ҳудуднинг маънавий муҳити, инқилобий тарихий мероси ҳамда Ганьнаннинг йилнинг барча фаслларидаги гўзаллиги ҳақида батафсил маълумот берди.
Ганьнан бой туристик ресурсларга эга. Ҳудудда А тоифасидаги 41 та сайёҳлик маскани мавжуд бўлиб, улар орасида машҳур Жагана табиий ҳудуди ва Чжони туманидаги гўзал Даюйгоу водийси алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, Дебу туманидаги Лацзыкоу довони ҳамда Эцзе қишлоғи каби “қизил туризм2 объектлари ҳам кенг танилган. Халқаро туризм ташкилотлари Ганьнанни бир неча бор “Фаол дам олиш учун дунёнинг энг яхши 50 маскани», “Ҳаёт давомида албатта бориш керак бўлган 50 жой” қаторига киритган ҳамда уни Хитойнинг энг ўзига хос туристик йўналишларидан бири сифатида эътироф этган.
Тақдимот давомида округнинг турли ҳудудлари вакиллари автомобиль саёҳатлари асосида яратилган учта янги туристик брендни ҳам таништирди.
Биринчи йўналиш – Чжони туманидаги “Цзяндэ йўли” бўлиб, у “Табиат мўъжизалари ва тикланиш сари йўл” номи билан тақдим этилди. Иккинчиси – Чжоуцюй туманидаги “Гуллар йўли”, у қишлоқ туризмини ривожлантириш ва маҳаллий аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган. Учинчи йўналиш эса Хэцзо шаҳридаги “Хэе йўли” экологик маршрути бўлиб, у гўзал Мэйжэнь яйловлари орқали ўтади. Ушбу учала йўналиш даштлар, ўрмонлар, тоғ қишлоқлари ва табиий диққатга сазовор жойларни ўзида мужассам этиб, сайёҳларга Ганьнаннинг ноёб табиати ва маданиятини янада чуқурроқ кашф этиш имконини беради.
Ҳудуднинг яна бир муҳим жозибаси унинг бой тибет этномаданий анъаналаридир. Сянлан халқ байрами, миллий спорт ўйинлари, яйловларда ўтказиладиган замонавий мусиқа фестиваллари ҳамда турли спорт мусобақалари баланд тоғ ўлкасининг бетакрор муҳитини яратади.
Хэцзо шаҳри партия қўмитаси котиби ўринбосари ва шаҳар мэри вазифасини бажарувчи Ши Чэнцзюань XXIV “Шамбала” туризм ва санъат фестивали дастурини тақдим этди. Маҳаллий аҳолининг ёзги тоғ сайллари анъанасига асосланган ушбу фестиваль бугунги кунда Ганьнаннинг туристик салоҳияти, ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги ютуқлари ҳамда ташқи дунёга очиқлигини намоён этувчи муҳим майдонга айланган.
Ганьнаннинг бетакрор тоғ манзаралари дунёнинг турли мамлакатларидан тобора кўпроқ сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.
Очилиш маросимида сўзга чиққан Ганьнан-Тибет автоном округи Коммунистик партияси қўмитаси котиби ўринбосари Шан Юцзюнь бугунги кунда Ганьнан юқори сифатли ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳудуд раҳбарияти узоқ муддатли ривожланиш мақсадларига таяниб, ўн бешинчи беш йиллик режа вазифаларини фаол амалга оширади ҳамда Ганьнанни миллатлар тотувлиги, экологик барқарорлик, иқтисодий фаровонлик, умумий фаровонлик ва узоқ муддатли ижтимоий барқарорлик намунаси бўлган ҳудудга айлантиришни изчил давом эттиради.
Шан Юцзюнь халқаро медиа-тур иштирокчилари ўз суратлари ва материаллари орқали Ганьнаннинг бетакрор табиати, бой маданий мероси ҳамда замонавий тараққиёти ҳақида дунё жамоатчилигига кенгроқ ҳикоя қилиб, Хитой модернизацияси жараёнидаги Ганьнан тараққиёти тарихини халқаро аудиторияга янада яқиндан танитишларига умид билдирди.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат) ЎзА