Хитой тажрибаси: чиқиндидан энергия олиш сари муҳим қадам
Бугунги кунда дунё миқёсида экологик муаммолар, чиқиндилар ҳажмининг ортиб бориши ва энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж давлатларни янги ечимлар излашга ундамоқда. Айниқса, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан муқобил энергия манбаи сифатида фойдаланиш долзарб масалага айланган.
Навоий шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев бошчилигидаги делегация III Ўзбекистон – Хитой ҳудудлараро форуми доирасида Хитойнинг йирик саноат корхоналаридан бири “Wuhan Tianyuan Group Co., Ltd.” раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.
Учрашув давомида бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлган яшил энергетикани ривожлантириш мавзусига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар маиший ва саноат чиқиндиларини замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш, чиқиндилар ҳажмини камайтириш ҳамда экологик ҳолатни яхшилаш юзасидан фикр алмашди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай технологияларни Навоийда жорий этиш нафақат экологик муаммоларни камайтиришга, балки қўшимча энергия манбаларини яратишга ҳам хизмат қилади. Шу билан бирга, янги иш ўринлари ташкил этилиши, ишлаб чиқариш самарадорлиги ошиши ва аҳоли турмуш сифати яхшиланиши кутилмоқда.
Шунингдек, делегация “Lingzhi Equipment Co., Ltd.” компанияси вакиллари билан ҳам учрашув ўтказди. Музокаралар давомида чиқиндиларни тозалаш ва қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқариш лойиҳалари муҳокама қилинди. Хитой томони ўзининг замонавий технологик имкониятлари, инновацион ишланмалари ҳамда экологик хавфсизликка қаратилган тажрибаси ҳақида батафсил маълумот берди.

Учрашувларда Навоий шаҳрида чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш тизимини замонавий босқичга олиб чиқиш, санитария тизими самарадорлигини ошириш ҳамда экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Албатта, бу каби лойиҳалар нафақат экологик барқарорликни таъминлаш, балки ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини оширишда ҳам муҳим ўрин тутади. Энг муҳими, амалга оширилаётган ташаббуслар келажакда аҳоли учун янада қулай, обод ва экологик тоза муҳит яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А. Бўриев, ЎзА