“Хитой – Евросиё” ЭКСПОси стратегик шериклик учун янги имкониятлар яратади
Евросиё маконида савдо-иқтисодий алоқалар ва транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган муҳим халқаро тадбирлардан бири 9-халқаро “Хитой – Евроосиё” ЭКСПОси Хитойнинг Урумчи шаҳрида ўз ишини бошлади. Форум минтақада инвестициявий шерикликни мустаҳкамлаш, инновациялар алмашинувини рағбатлантириш ва янги қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.
25-29 июнь кунлари Шинжон халқаро кўргазмалар марказида ўтказилаётган ЭКСПОда дунёнинг 27 мамлакат ва минтақасидан 2 мингдан зиёд компания ҳамда ташкилот иштирок этмоқда. Форум доирасида халқаро савдо, инвестициялар, юқори технологиялар, рақамли иқтисодиёт ва транспорт-логистика соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинмоқда.
Кўргазманинг асосий мавзуларидан бири “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига бағишланган.
Айни пайтда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ҳар томонлама стратегик шериклик руҳида изчил ривожланмоқда. Давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари ва эришилган келишувлар натижасида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқот янги мазмун билан бойиб, савдо, инвестиция, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, таълим ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорлик кенгаймоқда.
Шу нуқтаи назардан, Урумчида ўтказилаётган мазкур ЭКСПО Ўзбекистон учун ҳам алоҳида аҳамият касб этади. У мамлакатимиз ишбилармон доиралари ва инвесторлари учун янги шериклар топиш, истиқболли лойиҳаларни илгари суриш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қиладиган самарали майдон ҳисобланади.
Кўргазманинг салмоқли қисми инновациялар ва юқори технологияларга бағишланган. Унда сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, интеллектуал ишлаб чиқариш, робототехника, “яшил” энергетика ҳамда замонавий саноат ечимлари намойиш этилмоқда. Бу эса ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш ва илғор технологияларни кенг жорий этиш борасида ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим имконият яратмоқда.
ЭКСПО доирасида 80 дан ортиқ инвестиция форуми, соҳавий конференция, бизнес учрашувлари ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган. Бу тадбирлар янги қўшма лойиҳаларни шакллантириш, инвестициявий шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда хусусий сектор ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштиришга хизмат қилади.
Шинжон бугун Хитойни Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа билан боғловчи муҳим транспорт-логистика ҳамда савдо марказларидан бирига айланиб бормоқда. Бу эса минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш ва халқаро юк ташиш йўналишларини диверсификация қилишда муҳим омилдир.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Раис Си Цзиньпин раҳбарлигида Ўзбекистон – Хитой муносабатлари кейинги йилларда тарихий юксалиш босқичига чиқди. Икки давлат ўртасидаги мустаҳкам сиёсий ишонч ва стратегик шериклик иқтисодиётнинг барча йўналишларида аниқ амалий натижалар бермоқда. Шу маънода, Урумчидаги 9-халқаро “Хитой – Евросиё” ЭКСПОси нафақат Евросиё маконидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга, балки Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни янада чуқурлаштириш, янги инвестиция лойиҳалари ва савдо алоқаларини кенгайтиришга хизмат қиладиган муҳим халқаро майдон сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА