Ҳиндистон ҳамёнбоп глобал тиббиёт марказига айланмоқда
Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчихонаси яқинда тиббий туризм бўйича юқори даражадаги конференция ўтказди. Бу тадбир Ҳиндистоннинг глобал соғлиқни сақлаш йўналиши сифатида ўсиб бораётган ролини ва Ўзбекистон билан ушбу соҳадаги ҳамкорлиги кенгаяётганини яна бир бор тасдиқлади. Конференция икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятларини ўрганиш учун дипломатлар, тиббиёт муассасалари вакиллари, шифохоналар раҳбарлари ва тиббий туризм бўйича мутахассисларни бирлаштирди.
Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Смита Пант Ҳиндистон соғлиқни сақлаш тизимининг кўлами, имкониятлари ва ҳамёнбоплигига тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, Ҳиндистоннинг тиббий туризмдаги ютуқлари мамлакат соғлиқни сақлаш тизимининг қадриятларини ва ҳинд шифокорларининг ҳаётни сақлаб қолиш борасидаги юксак маҳоратини акс эттиради. Элчининг сўзларига кўра, бугунги кунда Ҳиндистонда 1,4 миллионга яқин шифокор фаолият юритмоқда ва улар катта ҳажмдаги малакали ҳамширалар ҳамда тиббиёт ходимлари томонидан қўллаб-қувватланади. Бу эса Ҳиндистонни дунёдаги энг йирик тиббий ишчи кучига эга давлатлардан бирига айлантиради.
Элчи сифат назорати Ҳиндистон тиббиёти кенгайишининг асосий устуни эканини қайд этди. Ҳозирда 1200 дан ортиқ шифохона JCI (Joint Commission International) ҳамда NABH каби халқаро ва миллий ташкилотлар томонидан аккредитациядан ўтган. Ушбу муассасалар кардиохирургия, бўғимларни алмаштириш, аъзоларни кўчириб ўтказиш, бепуштликни даволаш, онкология ва интеграциялашган соғломлаштириш терапияси каби кенг кўламли хизматларни таклиф этади. Ҳиндистоннинг етакчи шифохоналари мутахассислари конференция давомида замонавий даволаш протоколлари, инновацион технологиялар ва беморларни парвариш қилишнинг энг яхши амалиётлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Элчи Пантнинг алоҳида қайд этишича, хизматларнинг ҳамёнбоплиги Ҳиндистоннинг тиббий туризмдаги энг кучли рақобатдош устунлиги бўлиб қолмоқда. У Ҳиндистондаги мураккаб жарроҳлик амалиётларининг нархи ривожланган мамлакатларга қараганда анча паст эканини, лекин даволаш натижалари бўйича улардан қолишмаслигини таъкидлади. Сифат ва арзон нарх уйғунлиги Ҳиндистонни Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон беморлари учун энг мақбул йўналишга айлантирмоқда.

Келажакдаги режалар ҳақида гапирар экан, элчи Пант Ҳиндистон Ўзбекистон билан тиббий ҳамкорликни кенгайтиришга содиқ эканини тасдиқлади. Унинг айтишича, элчихона Ўзбекистоннинг устувор соғлиқни сақлаш эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, ҳиндистонлик тор соҳа мутахассислари иштирокида тиббий лагерлар ташкил этишда давом этади.
Шунингдек, у Ҳиндистонда даволаниш истагида бўлган беморлар учун виза олишда ҳеч қандай муаммо бўлмаслигига ва элчихона тезкор ҳамда муаммосиз саёҳатни таъминлашга тайёр эканига ишонтирди.
Конференция Ҳиндистон шифохоналари учун ўз имкониятларини намойиш этиш, Ўзбекистон томони учун эса хизмат кўрсатувчилар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш майдонига айланди.
Муҳокамалар асосан институционал шерикликни мустаҳкамлаш, беморларни йўналтириш механизмлари ва тиббий таълим соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорликка қаратилди.
Сўнгги йилларда Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида тиббий туризм барқарор ўсиб бормоқда. Кўплаб Ўзбекистон фуқаролари замонавий инфратузилма, юқори малакали мутахассислар ва тежамкор даволаниш имкониятлари туфайли Ҳиндистонни танламоқда. Ҳинд шифокорлари мураккаб операциялардаги катта тажрибаси билан танилган, тиббий ходимларнинг инглиз тилини билиши эса халқаро беморлар билан мулоқотни янада осонлаштиради.
Ҳиндистон шифохоналари кардиохирургия, онкология ва аъзолар трансплантацияси каби соҳаларда юқори муваффақият кўрсаткичларига эга экани хорижий беморларнинг ишончини янада оширмоқда.
Ҳиндистоннинг тиббий виза тизими бу оқимни енгиллаштиришда муҳим рол ўйнади. Махсус даволаниш учун саёҳат қилаётган беморлар алоҳида тиббий визалардан фойдаланишлари мумкин: визалар кўпинча ҳамроҳлик қилувчи шахсларга ҳам берилади ва тикланиш ҳамда кейинги кузатув жараёнлари учун мамлакатда узоқ муддат қолишга имкон беради.
Кўпгина шифохоналарда халқаро беморлар бўлимлари фаолият юритади, улар саёҳат логистикаси, турар жой, таржимонлик хизматлари ва тиббий ёрдамни мувофиқлаштиришда кўмаклашади. Бу эса хорижлик меҳмонлар учун даволаниш жараёнини янада осонлаштиради. Аллопатик (анъанавий) тиббиётдан ташқари, Ҳиндистоннинг муқобил ва яхлит (холистик) соғлиқни сақлаш борасидаги кўп йиллик анъаналари унинг жозибадорлигига яна бир жиҳат қўшади. Аюрведа, йога ва соғломлаштириш терапиялари анъанавий даволаниш билан бирга профилактика, реабилитация ва стрессни бошқариш хизматларини излаётган беморларни ўзига жалб қилади. Ҳиндистон бўйлаб Аюрведа марказлари ва соғломлаштириш масканлари тажрибали мутахассислар раҳбарлигида махсус дастурларни таклиф этади: улар терапияни маданий муҳитдаги турмуш тарзи ва парҳез бўйича кўрсатмалар билан бирлаштиради.
Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги саёҳатлар нафақат тиббий мақсадларда, балки туризм, таълим ва бизнес йўналишида ҳам ортди. Бунга авиақатновларнинг яхшиланиши ва виза жараёнларининг соддалаштирилгани хизмат қилмоқда. Икки томонлама алоқалар чуқурлашгани сайин, тиббий туризм икки жамият ўртасидаги ишонч ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашда стратегик рол ўйнаши кутилмоқда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА