Ҳинд шахматчисини мағлуб этган Абдусатторов Фирузжа билан куч синашади
Бугун, 21 июль куни Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида давом этаётган “Quantbox Chennai Grand Masters 2026” халқаро турнирининг 6-тур баҳсида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда Франция терма жамоаси аъзоси Алиреза Фирузжа билан куч синашади.
Кеча ўтказилган 5-тур ўйинлари Нодирбек Абдусатторов учун ҳар жиҳатдан омадли бўлди. Н.Абдусатторов қора доналарда ҳаракатланганига қарамасдан баҳс давомида ўзининг позицион устунлигини намойиш этди. 38-юриш ҳолатида Ҳинд шахматчиси Ниҳал Сарин мағлубиятни тан олди.

Айтиш лозимки, мазкур турнирдаги илк муваффақият сабаб Нодирбек мусобақадаги биринчи ғалабасини тантана қилиш ортидан 3 очко билан 3-ўринга кўтарилишга муваффақ бўлди.
6-тур ўйинлари олдидан Аржун Эригаиси ва Алиреза Фирузжа 3,5 очко билан пешқадамлик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 79 минг 500 АҚШ долларидан иборат мусобақа 7 та турдан иборат бўлиб, эртага ўтадиган охирги турда Абдусатторов қора доналарда россиялик Дмитрий Андрейкинга тўқнаш келади.
Т.Рўзиев,
ЎзА