Нукусда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Энг фаол депутат” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.
“Ташаббус ва ғояларимиз мустақил, янги Ўзбекистон тараққиёти учун!” шиори остида ўтказилган кўрик-танловининг асосий мақсади “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг партия сайловолди дастурига тааллуқли бандлари ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари иш самарадорлигини ошириш, партиянинг сайловолди дастур ижросини таъминлашда барча даражадаги депутатлик корпуси салоҳиятини такомиллаштиришдир.
Кўрик-танловда шаҳар ва туман босқичлари ғолиблари 3 та шарт, яъни, аҳоли муаммосини ҳал этишнинг энг самарали йўли, сиёсий ҳозиржавоблик, муаммони ҳал қилиш шартлари бўйича ўз билим ва тажрибаларини синовдан ўтказишди.
[gallery-26879]
Ҳакамлар ҳайъатининг баҳолаш натижаси бўйича халқ депутатлари Хўжайли туман Кенгаши депутати Наргиза Примбетова биринчи ўринни эгалади ва танловнинг республика босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.
Иккита иккинчи ўринни халқ депутатлари Чимбой туман Кенгаши депутати Хамза Абдижалиев ва халқ депутатлари Тахтакўпир туман Кенгаши депутати Тимур Жусипов, учта учинчи ўринни халқ депутатлари Нукус туман Кенгаши депутати Рахат Пурханов, халқ депутатлари Қонликўл туман Кенгаши депутати Ҳурлиман Отамбетова ва халқ депутатлари Тахиатош туман Кенгаши депутати Юсупбай Абдисадиковлар қўлга киритишди. Шунингдек, қолган иштирокчилар номинациялар бўйича тақдирланишди.
Ғолибларга ташкилотчилар томонидан махсус диплом ва эсдалик совғалари берилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари