Хавфсизлик ва осойишталикни таъминлашга қаратилган муҳим чоралар
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, полковник Диёрбек Сатторовнинг Бухоро вилоятига амалий ташрифи доирасида жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ҳамда аҳоли осойишталигини муҳофаза қилишга қаратилган қатор муҳим тадбирлар амалга оширилди.
Ташриф аввалида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати патруль-пост хизмати бошқармасига замонавий махсус хизмат автотранспорт воситаларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Янги техникалар ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти самарадорлигини янада ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини барвақт олиш, аҳоли мурожаатларига тезкорлик билан етиб бориш ҳамда ҳудудларда хавфсиз муҳитни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқаролар тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани таъкидланди. Замонавий техникалар билан таъминлаш эса соҳа ходимларининг хизмат шароитларини яхшилаш ва уларнинг имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши айтилди.

Шунингдек, Бухоро шаҳри ҳудудида тунги хизматга жалб қилинган ҳамда маҳаллаларга бириктирилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирокида махсус йўриқнома ўтказилди. Унда давлатимиз раҳбарининг жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қарор ва топшириқлари ижроси, шунингдек, жиноятчиликни қисқартиришда самара бераётган “Чилонзор тажрибаси” асосида ишларни ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.



Мутасаддилар томонидан хавфсиз муҳитни шакллантиришда профилактика инспекторлари, патруль-пост хизмати ходимлари ва кенг жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим омил экани таъкидланди. Айниқса, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.