Хавфсизлик таълимдан бошланади
Инсон ҳаётини асраш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва хавф-хатар туғилганда тўғри ҳаракат қилишни билиш — хавфсиз ҳаётнинг муҳим шартларидан. Бунинг учун эса нафақат назарий билим, балки ҳар қандай вазиятда тўғри қарор қабул қилиш ва зарур ҳаракатларни амалга ошириш кўникмаси ҳам талаб этилади. Айниқса, ёш авлодда болаликдан хавфсизлик маданиятини шакллантириш, масъул ходимларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири.
Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси тасарруфидаги Нурафшон шаҳрида жойлашган Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги инновацион ўқув марказида йўлга қўйилган таълим жараёнлари ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Бу ерда назарий машғулотлар замонавий технологиялар ва амалий тайёргарлик билан уйғунлаштирилиб, инсон ҳаётини муҳофаза қилишга қаратилган муҳим билим ва кўникмалар шакллантирилмоқда.

Марказ фаолиятининг асосий йўналишларидан бири давлат ташкилотлари ва муассасаларида фуқаро муҳофазаси учун масъул бўлган ходимларни тайёрлаш, уларнинг фавқулодда вазиятларга шайлигини ошириш ҳамда хавфли ҳолатларда тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш кўникмаларини ривожлантиришдан иборат. Мазкур йўналишдаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 сентябрдаги “Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳамда тегишли буйруқларда белгиланган вазифалар асосида ташкил этилмоқда.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида марказнинг 2026 ўқув йили учун тингловчиларни тайёрлаш режаси тасдиқланган. Унга мувофиқ, турли соҳа ва ташкилотларда фаолият юритаётган раҳбарлар, мутахассислар ҳамда фуқаро муҳофазаси учун масъул ходимларни ўқув машғулотларига жалб этиш, уларнинг назарий билими ва амалий кўникмаларини ошириш кўзда тутилган. Марказнинг мавжуд имкониятлари бир йилда қарийб 1 минг 500 нафар масъул ходим ва тингловчини тайёрлашга мўлжалланган. Бу эса вилоятда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларга тайёр туриш ва эҳтимолий оқибатларни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни тизимли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўқув марказида умумтаълим мактабларининг ҳаёт фаолияти хавфсизлиги фани ўқитувчилари, таълим муассасалари раҳбарлари, давлат мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари диспетчерлари, дам олиш муассасалари ва болалар соғломлаштириш оромгоҳлари масъуллари тайёргарликдан ўтказилади.
Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг ёрдамчилари, ёнғин-қутқарув тузилмалари раҳбарлари, фуқаро муҳофазаси хизматлари бошлиқлари ва мутахассислари, санитария дружиналари ҳамда санитария постлари бошлиқлари, эвакуация комиссиялари раислари ҳам машғулотларда иштирок этади.
Бундай тайёргарлик фавқулодда вазиятларда вазифаларни аниқ тақсимлаш, аҳолини ўз вақтида огоҳлантириш ва эвакуация қилиш, дастлабки муҳофаза чораларини кўриш ҳамда тегишли хизматлар билан ҳамкорликда ҳаракатланиш учун зарур билимларни мустаҳкамлайди. Зеро, таълим муассасаси раҳбари ва педагогнинг ҳушёрлиги болалар хавфсизлигида, хавфли ишлаб чиқариш объекти диспетчерининг тезкорлиги эса фавқулодда ҳолат ҳақида ўз вақтида хабар беришда муҳим ўрин тутади.

– Марказ фаолиятида мактаб ўқувчиларини фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилишга ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги инновацион ўқув маркази бошлиғи Исломжон Даминов. – Зеро, болаликдан ўз хавфсизлигига масъулият билан ёндашишни ўрганган, хавфли вазиятда қандай йўл тутишни биладиган ёшлар келгусида ҳам эҳтиёткорлик ва ҳушёрликни ҳаёт тарзига айлантиради. Бу борадаги машғулотлар Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси, вилоят Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг қўшма буйруғи асосида ташкил этиляпти.
Ўқув дастурларида ёнғин хавфсизлиги қоидалари, зилзила ва бошқа табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш тартиби, хавфсиз эвакуация, биринчи ёрдам кўрсатиш ва аҳолини муҳофаза қилишга оид билимлар қамраб олинган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳам эътибордан четда эмас. Ўқувчиларга йўлларда ҳаракатланиш қоидаларига риоя қилиш, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича тушунчалар берилади.

Марказда назарий билимларни амалиёт билан мустаҳкамлашга устувор аҳамият берилган. Чунки хавфсизлик қоидаларини билишнинг ўзи етарли эмас, уларни муайян вазиятда тўғри қўллай олиш ҳам зарур.
Машғулотларда виртуал воқеликни акс эттирувчи VR кўзойнакларидан фойдаланиш тингловчиларга фавқулодда вазиятларни виртуал муҳитда кузатиш, вазиятни баҳолаш ва тўғри ҳаракат қилишни ўрганиш имконини беради. Бу орқали хавфли ҳолатларни англаш ва тегишли хавфсизлик қоидаларини қўллаш бўйича кўникмалар мустаҳкамланади. Шунингдек, “Оловли” иловаси асосида ишловчи планшет дастури орқали ёнғин хавфсизлигига оид билимлар интерфаол шаклда ўргатилади. Дастурдаги топшириқлар тингловчиларга ёнғин хавфи юзага келганда қандай ҳаракат қилиш, хавфсизлик қоидаларига амал этиш ва ёнғиннинг олдини олиш чораларини ўрганишга ёрдам беради.

Ўқув жараёнининг муҳим босқичларидан яна бири махсус тутунхонадаги эвакуация лабиринтларида ташкил этиладиган амалий машқлардир. Тутун билан тўлган, кўриш имконияти чекланган муҳитда тингловчилар саросимага тушмаслик, хавфсиз йўналишни аниқлаш ва белгиланган тартибда хавфли ҳудудни тарк этишни машқ қиладилар. Бундай машғулотлар хавфли вазиятда хотиржамликни сақлаш, атрофни тўғри баҳолаш ва ҳаёт учун муҳим қарорларни қабул қилиш кўникмаларини ривожлантиради.
Жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича амалий машғулотлар ҳам ўқув жараёнининг ажралмас қисмидир. Унда тингловчилар жароҳатланган шахснинг ҳолатини баҳолаш, ёрдам кўрсатишнинг асосий қоидаларига амал қилиш ва тиббий ёрдам етиб келгунига қадар тўғри ҳаракатланишнинг аҳамиятини ўрганади.
Машғулотлар якунида махсус тест марказида синовлар ўтказилиб, тингловчиларнинг ўзлаштирган билимлари баҳоланади. Бу эса қўшимча эътибор талаб қиладиган йўналишларни аниқлаш ва тайёргарлик самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Шу тариқа назарий таълим, амалий машқлар ва якуний синовлар ўзаро уйғунлаштирилган.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини камайтириш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашда масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўртасидаги ҳамкорлик ҳам ёш авлодни хавфсизлик қоидаларига ўргатиш, уларнинг билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Бундай ёндашув ўқувчиларда фавқулодда вазиятларга тайёрлик, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш, хавфли ҳолатларда тўғри қарор қабул қилиш ва жамоавий ҳаракатланиш маданиятини ривожлантиришга замин яратади. Хавф-хатарни олдиндан англаш, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш ва ўзгалар ҳаётига масъулият билан ёндашиш маданияти эса таълим орқали шаклланади.
А.Мусаев,ЎзА