«Хавфсиз ва соғлом юрт»: тадбирнинг иккинчи босқичида жиноятлар 2 минг 228 тага камайди
Жорий йил 1 ноябрдан мамлакатимизда «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи бошланади.
Ички ишлар вазирлигида жиноятчиликка қарши курашиш ва ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов бошқарган мажлисда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ҳамда наркожиноятлардан ҳимоя қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Жумладан, тегишли Президент фармони асосида мунтазам ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» ойлиги бу борадаги ишларнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Жорий йил 1 июль - 15 август кунлари ўтказилган тадбирнинг иккинчи босқичи натижаларига кўра, олди олиниши лозим бўлган жиноятлар 2 минг 228 тага камайишига эришилган. Жиноят турларидан қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, босқинчилик, фирибгарлик ва безорилик жиноятлари камайди. Ички ишлар органлари ходимларининг ташаббуси билан жиноятларни аниқлаш 792 тага яхшиланган.
«Қора бозор»даги тахминий қиймати 221,7 миллиард сўм бўлган 1,8 миллион доза (369,3 килограмм) гиёҳвандлик воситаси, 66 минг дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва 44 минг 919 туп заҳриқотил ўсимлик аниқланиб, учта ноқонуний нарколаборатория фаолиятига чек қўйилди.
Кибержиноятчилик йўналишида 438 та жиноят аниқланиб, фуқароларга етказилган 3,5 миллиард сўм зарар қайтарилган. Бундан ташқари, 51 минг 41 та коррупциявий ҳолат, жумладан, 18 минг 322 та энергия ресурсларини талон-торож қилиш ва 4 минг 710 та ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари қамрови кенгайтирилмоқда. Жорий йил 1 ноябрдан мамлакатимизда тадбирларнинг учинчи босқичи бошланади.

Тадбирни пухта ташкил этиш масалалари бўйича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбариятининг ҳисоботи тингланиб, Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятларида режалаштирилаётган ишлар ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан топшириқлар берилди.
Куз-қиш мавсумида аҳолини суюлтирилган газ ва кўмир маҳсулотлари билан ўз вақтида таъминлаш, талон-торожликларнинг олдини олиш ҳамда бу масалада тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликни кучайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.
Йиғилишда кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича топшириқлар ижроси ҳам таҳлил қилинди. Ўзбекистон кибермаконини ҳимоя қилиш, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларни аниқлаш ва фош этиш мақсадида ўтган даврда 24 мингдан ортиқ тезкор-техник ва тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди.

Натижада 17 минг 490 ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноят фош этилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ушбу кўрсаткич 251 фоизга ошди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 18 мингдан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тикланиб, уларга етказилган 182 миллиард 176 миллион сўм миқдоридаги моддий зарар эгаларига қайтарилди.
Фуқароларнинг банк ҳисоб-варақларидан маблағларни ноқонуний ечиб олишга қаратилган, кўплаб фуқароларга зарар етказаётган 459 та фишинг туридаги зарарли дастур аниқланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилди. Натижада 9 ой давомида 660 мингдан ортиқ фуқаронинг электрон қурилмалари ва пул маблағларини талон-торож қилинишига йўл қўйилмади.
Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик бузилиши билан боғлиқ 3 минг 929 та жиноят аниқланди. Жиноий йўл билан топилган 112,2 миллиард сўмдан ортиқ маблағнинг крипто-активлар шаклида республика ҳудудидан олиб чиқиб кетилишининг олди олинди.
Вазир ўринбосарлари, соҳавий хизматлар ва ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда шахсий таркиб иштирок этган йиғилиш якунида вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, масъул раҳбарлар жавобгарлигини ошириш ҳамда амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини назорат қилиб бориш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА