Ҳасан Солиҳов: Миллий маданий мерос замонавий контент орқали ёшларга яқинлашиши керак
Ўзбекистон ва Россия медиа вакиллари иштирокидаги форумда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият масалалари бўйича вакили Ҳасан Солиҳов миллий маданий меросни асраш, замонавий ижодий шаклда намоён этиш ва икки мамлакат ўртасида қўшма маданий лойиҳаларни ривожлантириш масаласига тўхталди.
Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг бой маданий салоҳияти – меъморий ёдгорликлар, адабиёт, мусиқа ва миллий анъаналарни нафақат сақлаш, балки ёшлар учун ҳам қизиқарли шаклда тақдим этиш муҳим. Бугунги ёшлар минглаб фильм, сериал, видео ролик ва компьютер ўйинлари орасидан танлов қилмоқда. Шу боис миллий маданий мерос замонавий медиа маҳсулотлари билан рақобатлаша оладиган мазмунда намоён бўлиши зарур.
Маърузачи Ўзбекистон ва Россия маданий ҳамкорлиги жараёнида қўшма фильм, сериал, “YouTube” контенти ва бошқа ижодий лойиҳалар ҳам муҳимлигини қайд этди. Бундай маҳсулот ҳар икки халқнинг маданий ўзига хослигини акс эттириб, бир-бирининг тарихи, қадрияти ва ҳаётига қизиқиш уйғотади.
Маълумки, россиялик сайёҳлар миллий таомларимиз, мусиқамиз ва маданий меросимизга ҳам жуда қизиқади. Самарқанд, Бухоро ва Хивага келган меҳмонлар таассуроти икки халқ маданий яқинлигини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Ҳ.Солиҳов театр соҳасидаги ҳамкорлик тажрибасига ҳам тўхталди. Хусусан, Ўзбекистон Ёшлар театри Россия болалар ва ўсмирлар театри анъаналари билан боғлиқ тарихга эга эканини таъкидлаб, ўзаро қўшма лойиҳалар икки мамлакат маданий алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди. Зеро, саҳнада яратилаётган асарлар томошабинга маънавий озуқа беради.
Дилшод Ҳакимов,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА