Ҳарбийларнинг яшаш шароитлари янада яхшиланди
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни арафасида Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда бунёд этилган 300 ўринли ётоқхона биноси фойдаланишга топширилди.
Ётоқхона биноси очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда Миллий армиямиз жангавор салоҳиятини юксалтириш, ҳарбийларнинг профессионал билим ва маҳоратини, шунингдек, ҳарбий қисмларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда ҳам кейинги йилларда қатор таркибий-ташкилий ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, муддатли ҳарбий хизматни ўтовчи аскарларнинг жанговар тайёргарлигини юксалтиришга мўлжалланаётган ўқув машғулот хоналари махсус жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди. Шунингдек, машғулот майдонлари, спорт зали таъмирдан чиқарилди. Амалга оширилган бу каби ишлар ҳарбий хизматчиларнинг профессионал малака ва жанговар шайлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этаётир.
[gallery-721]
– Қисмимизда ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, маънавияти, профессионал ва сиёсий билимларини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди қисм командири ўринбосари, майор Қодиржон Жумаев. – Айниқса, янги ётоқхона биноси барпо этилиб, ишга туширилганлиги аскарларимизнинг яшаш шароитини яхшилаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишга хизмат қилади.
Ётоқхона биноси очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА