Ҳарбийлар Муҳаммад Юсуф музейида бўлди
Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабида "Менинг армиям – менинг фахрим" мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги доирасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими ҳамда Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинларига қарашли Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сўз олган Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Махпурахон Артиқова, ҳарбий қисм командирининг тарбиявий-мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Азизбек Юсупов, Муҳаммад Юсуф номли ижод мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Нигорахон Юсупова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шаҳло Ҳомидова ҳарбийларни яқинлашиб келаётган Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этди. Мамлакатимиз Қуролли Кучлари салоҳияти, Ватан ҳимояси, ҳарбийларнинг масъулиятли ва шарафли бурчи ҳақида гапирди.
Ҳарбийлар ва ижодкорлар ўртасидаги самимий суҳбатда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, китоб мутолааси, ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги асарлар хусусида сўз юритилди.
Шундан сўнг ҳарбийлар ижод мактабида ташкил этилган Муҳаммад Юсуф музейи экспонатлари билан, китоблар кўргазмаси билан танишди. Шоирнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида кенг маълумотлар олди.
Тадбир доирасида ҳарбийлар ўртасида "Менинг армиям – менинг фахрим" мавзусида “Энг яхши тасвирий санъат асари” кўрик-танлови ўтказилди. Танловда 10 нафарга яқин ижодкор ҳарбий хизматчилар ўзлари чизган расмлар билан иштирок этди.
– Ватан, юрт ҳимояси ҳақида сўз айтиш, айниқса, тасвирий санъат асари яратишнинг албатта, ўзига яраша масъулияти бор, – дейди сержант Б. Ҳамдамов. – Айниқса, юртимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, ҳарбийлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ манзараларни суратга муҳрлаш кишидан алоҳида маҳоратни талаб этади. Умуман, танлов мен каби ижодкор ҳарбийларга куч ва шижоат берди.
Энг асосийси, ижодий ишларим эътироф этилиб, танловда ғолиб бўлганлигимдан беҳад хурсандман.
Танловда иккинчи ўрин оддий аскар Меҳриддин Қўчқоровга, учинчи ўрин эса оддий аскар Комилжон Рўзиевга насиб этди.
Танловнинг ғолиб ва совриндорлари диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА