Ҳарбий хизматчилар учун бизнес саёҳат ташкил этилди
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан “Нурафшон махсус техника” МЧЖ, Миллий гвардия Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Тошкент ҳарбий округи ҳамкорлигида муддатли ҳарбий хизматчилар ва ёшлар учун навбатдаги бизнес саёҳат ташкил этилди.
Ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларни ишлаб чиқариш ва замонавий бизнес муҳити билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган ташриф давомида ёшлар махсус техникалар, уларнинг ишлаш жараёни ва замонавий имкониятлари билан яқиндан танишди.
Шунингдек, соҳа экспертлари ва муваффақиятли тадбиркорлар билан очиқ суҳбатлар уюштирилиб, ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Амалий жараёнларни бевосита кузатиш эса уларга янги касб ва йўналишларни ўрганиш, тадбиркорликка қизиқишларини ошириш ҳамда келажакдаги режалари учун зарур билим ва тасаввурларни шакллантиришга хизмат қилди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, бундай ташаббуслар ёшларни Ватанга муҳаббат, меҳнатсеварлик, масъулият ва бунёдкорлик руҳида тарбиялаш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва келажакда муносиб касб эгаллашига кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА