Ҳарбий хизмат билан танишув
Навоий вилояти Миллий гвардия бошқармаси ҳамда Ҳарбий прокуратураси ҳамкорлигида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Навоий шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи” ва 1-сонли мактаб ўқувчилари билан “Ҳарбий хизмат билан танишув” мавзусида учрашув ташкил қилинди.
Малакали ходимлар томонидан ёшларга кўргазмали чиқишлар, қурол-яроғдан фойдаланиш, хизмат транспорт воситалари намойиш этилиб, она Ватанни асраб-авайлаш йўлида амалга ошириладиган машаққатли хизматнинг айрим намуналаридан мисоллар келтирилди.

Жумладан, қўл жанги, ўзини ҳимоя қилиш, жисмоний тайёргарлик машғулотлари ўқувчилар диққат-эътиборини ўзига тортди. Иродани мустаҳкамлаш, сабр-тоқатли бўлишни талаб қилувчи машғулотлар ҳақиқий баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилиши уларга алоҳида уқтирилди. Бунинг учун чуқур билим олиш, мунтазам равишда ўз устида ишлаш зарурлиги тушунтирилди.

Ўз навбатида, ҳарбий техникалар намойиши давомида Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан ёшларга йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш қоидалари тушунтирилиб, пиёда ва велосипед бошқарувчилари мажбуриятлари акс эттирилган буклетлар тарқатилди.

Абдували БЎРИЕВ, ЎзА