Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлади

Парламент қуйи палатаси мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

— Мамлакатимизда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш  борасида амалга оширилаётган ишлар билан бирга, жойларда ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлган омиллар ҳам сақланиб қоляпти, — деди ташаббускор депутат Хушвақт Ҳайитов — Бу борада Қонунчилик палатаси депутатлари жойларга чиқиб, жиноятчилик ҳолатини ўрганиш, фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиш ва мавжуд муаммоларни таҳлил этиши натижасида қатор ташаббусларни ишлаб чиқди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан биринчидан, гаровга қўйилган мулкни ишониб топширилган шахс томонидан қонунга хилоф равишда тасарруф этиш оз миқдор ёки кўп бўлмаган миқдорда содир этилган тақдирда маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Бу орқали мазкур турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликдаги мавжуд бўшлиқ бартараф этилмоқда.

Иккинчидан, телекоммуникация ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоқларида уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ва жамоат тартибини бузувчи бошқа шу каби ҳаракатлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда. Ушбу норма жамоат тартиби ва фуқароларнинг осойишталигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Учинчидан, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувлар ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш учун ҳам маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутиляпти.  

Тўртинчидан, қонун лойиҳасида шахс томонидан содир этилган ўз ҳуқуқбузарлигини тарғиб қилувчи материалларни оммавий ахборот воситаларида ҳамда Интернет тармоқларида тарқатиш учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳуқуқбузарликларни оммалаштириш ва уларга тақлид қилиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади. Ушбу тақиқ бадиий асарлардаги ёки юмористик йўналишдаги қисқа видеоларда акс эттирилган ва ҳақиқий ҳаётда содир этилмаган ҳуқуқбузарликлар видеосини тарқатганликка татбиқ этилмайди. Шунингдек, бошқа шахс томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик акс этган материалларни, шу жумладан бу ҳақда тегишли органларга хабар бериш мақсадида тарқатганлик учун ҳеч қандай жавобгарлик назарда тутилмаяпти, — деди депутат.

Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар жамиятда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш, янги турдаги ҳуқуқбузарликлар пайдо бўлишининг олдини олиш, аҳоли, айниқса, ёшларга салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА