Ҳаракат — саломатлик гарови
Инсоният тараққиётнинг юқори босқичига кўтарилиб, кундалик юмушларимиз рақамли технологиялар ёрдамида осонлашаётган бир даврда саломатлигимиз учун жиддий хавф — кам ҳаракатлилик муаммоси юзага келмоқда. Бугунги кунда "аср вабоси" деб таърифланаётган гиподинамия кўплаб сурункали касалликларнинг асосий сабабчисига айланиб бормоқда. Замонавий дунёда транспорт воситалари, масофавий иш тартиби ва турли гаджетлар инсонни жисмоний куч ишлатишдан деярли чеклаб қўйди.
Бу қулайликларнинг ўз бадали бор. Мутахассисларнинг таъкидлашича, кам ҳаракатлилик натижасида организмда модда алмашинуви бузилади, юрак-қон томир тизими заифлашади ва ортиқча вазн тўпланиши натижасида қандли диабет ҳамда гипертония каби хасталиклар келиб чиқади.
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш ва инсон умрини узайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Сўнгги йилларда оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга оид қабул қилинган муҳим ҳужжатлар, маҳаллаларда барпо этилаётган спорт майдончалари ҳамда "саломатлик йўлакчалари" аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Зеро, саломатликни тиклаш учун доим ҳам мураккаб машқлар талаб этилмайди. Кундалик пиёда юриш юрак фаолиятини яхшилайди, қон босимини меъёрлаштиради ва руҳий тетиклик бағишлайди.
Айни шу мақсадда Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан ташкил этилган “Саломатлик учун 5 минг қадам” спорт тадбири соғлом ҳаёт сари ташланган навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Тадбир доирасида бошқарма ходимлари иштирокида ўтказилган оммавий юриш ва бадантарбия машқлари соғлом турмуш тарзи нафақат шахсий танлов, балки меҳнат самарадорлиги ва жамият фаровонлигининг асоси эканини яна бир бор намойиш этди.
Турли ёшдаги иштирокчиларни бирлаштирган бу каби ҳаракатлар технологиялар даврида инсон ўз соғлиғи учун масъулиятни ҳис қилиши лозимлигини эслатиб туради.
Таъкидлаш жоизки, технологиялар бизга вақт ва қулайлик бериши мумкин, аммо саломатликни фақат ҳаракат орқали сақлаб қолиш мумкин. Бу каби лойиҳалар ҳар биримизни кундалик ҳаётда фаол бўлишга чорлайди. Зеро, ҳаракат бор жойда саломатлик ва барқарор ривожланиш бардавом бўлади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА