Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенскийни қабул қилди.
Ҳокимлик ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашув чоғида томонлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.

Суҳбат чоғида вилоят раҳбари Кармана туманидаги “Иброҳим Махсум” пахтачилик фермер хўжалигида жорий этилган иқлимга мослаштирилган суғориш технологиялари ҳамда аниқ сув ўлчаш тизимлари Швейцария маблағлари асосида амалга оширилганини таъкидлади. Шунингдек, у ушбу давлат томонидан Зарафшон дарёси ҳавзасида сув ресурсларини иқлим ўзгариши шароитида барқарор ва комплекс бошқаришга қаратилган йирик лойиҳа ҳаётга татбиқ этилаётганини қайд этди.

Учрашувда Навоий вилояти иқтисодиётининг асосий драйвер тармоқлари металлургия, кимё, тоғ-кон ва қурилиш материаллари саноатининг жадал ривожланаётгани таъкидланди.
Швейцария саноатида эса машинасозлик, фармацевтика, туризм ва IT хизматлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, жумладан, сут, пишлоқ, мева етиштириш ва чорвачилик йўналишлари юқори суръатларда ривожлангани маълум қилинди.
Томонлар мазкур тармоқларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда инвестициявий имкониятларни чуқур ўрганиш бўйича келишиб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири