Халқаро почта жўнатмалари назорати янада такомиллаштирилади
“Тошкент-АЭРО” ИБК тасарруфидаги “Электрон тижорат” ҳамда “Авиаюклар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларига оид амалий семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбир божхона жараёнларини янада такомиллаштириш, хизматлар сифатини ошириш ва халқаро стандартларга мослаштиришга қаратилди.
Семинарда Жаҳон божхона ташкилоти экспертлари Наден Венcатачеллум ва Сосе Степанян иштирок этиб, халқаро жўнатмаларни қабул қилишдан тортиб, саралаш, қайта ишлаш, божхона назоратидан ўтказиш ҳамда якуний истеъмолчига етказиб беришгача бўлган барча босқичларни атрофлича ўрганди. Экспертлар мавжуд амалиётларни таҳлил қилиб, халқаро тажрибалар асосида тавсиялар берди.

Тадбир давомида божхона назоратини рақамлаштириш, электрон маълумотлар алмашинувини кенгайтириш, замонавий ахборот тизимларини жорий этиш ҳамда хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини тезкор, шаффоф ва қулай тарзда расмийлаштириш механизмларини такомиллаштириш юзасидан иштирокчилар ўртасида фикр алмашилди.

Ўтказилган таҳлиллар натижасида божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, жўнатмаларни рўйхатдан ўтказиш ва текшириш жараёнларини оптималлаштириш, инсон омилини камайтириш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган қатор амалий таклифлар ишлаб чиқилди. Бу эса халқаро электрон тижорат ҳажмини ошириш, тадбиркорлар учун қулай шароит яратиш ва фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар тезкорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Халқаро экспертлар Ўзбекистон божхона тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан рақамлаштириш ва автоматлаштириш борасидаги ишларга юқори баҳо бериб, мазкур йўналишдаги фаолият халқаро стандартларга мос равишда изчил давом эттирилаётганини таъкидлади.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай семинар-тренинглар божхона тизимида илғор тажрибаларни жорий этиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва хизматлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА