Халқаро мусобақалар юқори савияда ўтказилди
Жиззах вилояти яна бир бор халқаро спорт харитасидаги ўрнини намоён этди. Икки кун давом этган “Grand Prix Jizzakh” ва “Grand Prix Jizzakh Ladies” халқаро велопойгаларида 14 давлатдан келган қарийб 150 нафар спортчи шиддат, чидам ва маҳоратларини синовдан ўтказишди. Нуфузли мусобақа нафақат ғолибларни аниқлади, балки Ўзбекистон велоспортининг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлади.
Жиззах шаҳрида велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича ташкил этилган “Grand Prix Jizzakh” ва “Grand Prix Jizzakh Ladies” халқаро мусобақалари юқори савияда ўтказилди.
18 июнь куни тантанали очилиш маросими билан старт олган халқаро пойгалар 18–19 июнь кунлари вилоятнинг махсус тайёрланган трассаларида бўлиб ўтди. Икки кун мобайнида турли давлатлардан келган маҳоратли велосипедчилар ғолиблик учун кескин ва муросасиз кураш олиб боришди.


Хотин-қизлар ўртасидаги баҳслар 92 километрлик масофада ташкил этилди. Қизғин курашларга бой бўлган пойга якунида Янина Кускова, Шахноза Абдуллаева ва Мадина Қаҳҳорова бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси вакилалари шоҳсупанинг барча поғоналарини эгаллади. Янина Кускова ҳамда Шахноза Абдуллаеванинг халқаро мусобақаларда қайд этаётган барқарор натижалари мамлакатимизда аёллар велоспорти янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатмоқда.
Эркаклар ўртасидаги баҳслар эса 129 километрлик масофада ўтказилди. Мусобақанинг ҳал қилувчи палласида тажриба ва тактик тайёргарлик ҳал қилувчи аҳамият касб этди.


Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринни австралиялик Кемерон Скотт эгаллади. Иккинчи поғонадан Янги Зеландия вакили Делан Хоккенс жой олди. Учинчи ўрин эса Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Никита Цветковга насиб этди. Никита Цветков халқаро майдонларда Ўзбекистон байроғи остида иштирок этиб келаётган иқтидорли велосипедчилардан бири сифатида сўнгги йилларда қатор нуфузли мусобақаларда юқори натижалар қайд этмоқда.
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими мусобақанинг энг ёрқин лаҳзаларидан бирига айланди. Шоҳсупага кўтарилган спортчиларга медаль, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Мутахассислар фикрича, бундай халқаро турнирлар маҳаллий спортчилар учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтайди. Энг муҳими, улар орқали Ўзбекистонда велоспортнинг оммавийлиги ортиб, мамлакатнинг халқаро спортдаги ҳамкорлиги янада ошди. Жиззахдаги икки кунлик пойга якуни шуни кўрсатдики, вилоят нафақат йирик саноат ва аграр ҳудуд, балки халқаро спорт мусобақаларини юксак даражада қабул қилиш ва ўтказиш имкониятига эга замонавий спорт марказларидан бирига айланиб бормоқда. “Grand Prix Jizzakh” ва “Grand Prix Jizzakh Ladies” мусобақалари эса бунинг яна бир амалий тасдиғи бўлди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири