Халқаро ҳунармандлар фестивалида юртдошларимиз муносиб иштирок этди
Арманистоннинг Мегри вилоятида ўтказилган Халқаро ҳунармандлар фестивалида мамлакатимиз ҳунармандлари ҳам муносиб иштирок этди.
Жумладан, халқаро фестивалда юртимиз номидан риштонлик кулол Бахтиёр Назиров, Бухоролик қоракўл маҳсулотлари устаси Назира Назарова ҳамда сурхондарёлик бахши Муҳаммад Эшбоев иштирок этиб, ўз маҳоратларини намойиш этди.


Фестиваль якунларига кўра, ҳунармандларимиз ва санъаткорларимиз муваффақиятли ўринларни қўлга киритиб, миллий ҳунармандчилик ва фольклор санъатининг халқаро миқёсдаги нуфузини яна бир бор намоён этди.
Шунингдек, Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар саммити доирасидаги халқаро анъанавий ҳунармандчилик кўргазмасида Ўзбекистон номидан бадиий ёғоч ўймакорлиги устаси Мирмақсуд Мирраҳимбаев, каштачилик устаси Нилуфар Мусаджанова, кулолчилик устаси Диёрбек Назиров иштирок этиб, ноёб ижод намуналари халқаро меҳмонлар ва туркий давлатлар вакилларида катта таассурот қолдирди.


Мазкур нуфузли кўргазмалар миллий ҳунармандчилигимизни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш ҳамда тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА