Пойтахтимизда ислом молияси бўйича 20-Халқаро исломий молия олимлари форуми (ISSF 2025) ўз ишини бошлади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, шу вақтга қадар мазкур форум Малайзияда ташкил этилган. Ушбу форумнинг 20 йиллик юбилейига Тошкент шаҳри мезбонлик қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тадбирнинг стратегик ҳамкори сифатида унинг халқаро даражада юқори савияда ўтказилишини таъминлади. Шунингдек, мамлакатдаги етакчи тижорат банклари ва молия ташкилотлари форумни қўллаб-қувватламоқда.


Форумнинг асосий мавзуси исломий молияни ривожлантириш, илғор амалиётларни молия тизимига жорий этиш, олимлар, регуляторлар, стандартларни белгиловчи ташкилотлар ва соҳа мутахассислари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда исломий ҳуқуққа оид масалалар юзасидан фикр алмашиш майдонини яратишга қаратилган.
Форум доирасида ислом молия тизимига ўтиш жараёни, банк конверсиясида корпоратив бошқарув, молиявий маҳсулотлар, ҳуқуқий ва меъёрий қийинчиликлар, амалиётдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари, масалалари муҳокама қилинди.


Ушбу форум дунё миқёсидаги етакчи олимлар, мутахассислар ва регуляторларни бирлаштирди. Тадбир Ўзбекистон учун ислом молияси соҳасида муҳим қадам бўлиб, тегишли ҳуқуқий ва меъёрий асосларни такомиллаштириш, инсон капитали ва институционал салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек мамлакатнинг ислом молиясида минтақавий марказ сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
— Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Малайзияга ташриф давомида бевосита бу давлатнинг президенти билан мулоқотда Ислом молияси масалалари бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларга Малайзия давлати катта қизиқиш билдирган, — дейди Марказий банк раиси ўринбосари Аброр Турдиалиев. — Ушбу форум илк бор Малайзиядан ташқари ҳудудда, яъни Ўзбекистонда ўтказилмоқда. Форумда халқаро экспертлар Ўзбекистонда ислом молияси бўйича тўсиқ бўладиган асосий муаммоларга ўз таклифларини билдирмоқда. Шуни алоҳида айтиш жоиз, форумда халқаро экспертлар Ўзбекистон ислом молиясига тайёр эканини қайд этишди. Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Ўзбекистонда ислом банкини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Бу ниҳоятда муҳим. Ислом молияси бўйича бу дастлабки қадамимиз. Бу қонуннинг қабул қилиниши аҳоли ва тадбиркорларимизга қўшимча молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини беради. Айрим тадбиркорларимиз бугунги кунда эътиқод нуқтаи назаридан анъанавий банк хизматларидан фойдаланмаслигини биламиз. Бу қонун уларга банк-молия хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратади. Қонун Ўзбекистонда исломий банклар ва исломий «дарча»лар фаолиятини йўлга қўйиш, «яширин» иқтисодиёт улушини камайтириш, қолаверса мамлакатимизга исломий банк фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилган хорижий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.


–Бугунги кунда бутун жаҳон миқёсида ислом молиясига бўлган эҳтиёж ортиб боряпти, – дейди халқаро эксперт Низом Якубий. – Хусусан, айни пайтда жаҳонда ислом молиясининг жами активлари қарийб 4 триллион доллардан ошган. Ўзбекистонда ҳам исломий молияга бўлган талаб юқори. Қарийб 38 миллион аҳолига эга Ўзбекистонда исломий молиялаштиришнинг катта истиқболи бор, чунки аҳолининг 90 фоизи Ислом динига эътиқод қилади. Исломий молиянинг жозибадор жиҳатлари бу – тизимнинг шаффофлиги ва этикаси, кредитлаш жараёнларини тақиқлаш ҳамда хатар ва фойданинг адолатли тақсимланиши ҳисобланади.


Айни пайтда Ўзбекистонда исломий молия тизимининг фаолият юритишига имкон берувчи қонунчилик устида иш олиб борилаётган экан. Сабаби, ислом молияси асосида инсон қадр-қиммати ва мулкининг дахлсизлиги ётади. Бу тизимда кредит фоизсиз бўлади. Молиявий рисклар адолатли тақсимланади. Бундай ёндашув ҳар қандай дунёвий мамлакатга молиявий инклюзивлик беради. Айнан молиявий инклюзивлик бағишлагани учун ҳам ислом молияси бутун дунёда кундан кунга ривожланиб бормоқда. Шуни мамнуният билан айта оламан:Ўзбекистон ислом молиясига тайёр.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/aXJCV7fthH0" title="Xalqaro ekspert: O‘zbekiston islom moliyasiga tayyor" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, ЎзА