“Халқ билан бирга”: Амалий ташаббуслар аҳоли манфаатлари йўлида
Ўзбекистон Либерал демократик партияси томонидан йўлга қўйилган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ҳудудларда кенг кўламли ишлар, амалий тадбирлар, ташаббуслар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бунда аҳолининг барча қатламлари, турли соҳа вакилларининг манфаатларини юзага чиқаришга эътибор қаратилмоқда, аҳолига кўмаклашилмоқда. Бир сўз билан айтганда, инсон қадри ва фаровонлигини таъминлашга қаратилган аниқ саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Бу борада ЎзЛиДеП Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари ташаббуси билан ҳам турли кўринишдаги акциялар, ўрганишлар, учрашувлар ташкил этилмоқда. Хусусан, партиянинг Тошкент шаҳар ва Олмазор туман Кенгашлари ташаббуси билан "Халқ билан бирга" умуммиллий дастури доирасида Тошкент давлат техника университетида “Инсон қадри ва фаровонлигини таъминлаш йўлида муҳим қадамлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Севара Убайдуллаева ва университетнинг профессор-ўқитувчилари иштирок этиб, мамлакатимизда ёшлар сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берди.
Шунингдек, партия томонидан ёшларга берилаётган имкониятлар, уларни тадбиркорликка ва касбга ўргатиш борасидаги ташаббуслар ҳақида тўхталиб ўтилди. Шу билан бирга, таълим соҳасидаги имтиёз ва имконятлар таҳлил қилинди.
***
“Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасидаги яна бир тадбир ёшларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш мақсадида ташкил этилди. Олмазор туманида “Youth Sports Challenge” спорт мусобақалари доирасида югуриш марафони ўтказилди.

Тадбир давомида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг жисмоний фаоллиги ва спортга бўлган қизиқишини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур спорт тадбири янги Ўзбекистон келажаги бўлган ёшларимизни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказишдек эзгу мақсад йўлида ёшларни бирлаштирди, уларнинг иродаси, матонати ва жамоавий руҳини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Марафонда 220 нафар волонтёр ёшлар фаол иштирок этди. Мусобақа якунида 6 нафар ғолиб ёшларга партия совғалари ва дипломлар топширилди. Шунингдек, 56 нафар иштирокчи ёшлар сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
***
Кексаларни эъзозлаш ва қадрлаш партиянинг доимий эътиборида. “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида нуроний отахон ва онахонларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш мақсадида “Кексаларга меҳр” акцияси ўтказилди. Акция доирасида Олмазор туманидаги 50 нафар кексалар иштирокида Ислом цивилизацияси марказига саёҳат ташкил этилди.

Умуммиллий дастур доирасидаги бу каби амалий тадбирлар кенг кўламда давом эттирилмоқда.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА