Ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди
Аҳолини қийнаётган масалаларни жойига чиқиб ўрганиш, уларга амалий ечим топиш ҳамда ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат билан яқиндан танишиш мақсадида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гавҳар Олимова Ховос тумани ва Янгиер шаҳрида сайловчилар билан учрашувлар ўтказди.
Учрашувлар давомида депутат Ховос туманидаги 9-мактабда олиб борилаётган капитал таъмирлаш ишлари билан танишди. Таълим муассасаси директори Жамшид Олимов спорт зали пол қисмини таъмирлаш ва мактаб ҳудудида стадион барпо этиш учун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мазкур масала туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутасаддилари билан биргаликда атрофлича ўрганилиб, уни ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, Ховос туманининг “Истиқлол” маҳалласида жойлашган 19 та кўп қаватли уйларнинг канализация тизимини таъмирлаш масаласи ҳам кўтарилди. Ушбу мурожаат юзасидан мутахассислар иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилди ва муаммони бартараф этиш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон тўкинчилиги, Мустақиллик ва Янгиер маҳаллаларида ҳам аҳолини қийнаётган қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Давр, Камалак, Она замин, Ижодкор, Умид ниҳоллари, Марварид ва Осиё кўчаларини асфальтлаш, кичик стадион қуриш, томорқаларни суғориш учун ариқларни тиклаш ва лотоклар ўрнатиш каби масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Мазкур муаммолар юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди ва уларни ҳал этиш учун аниқ вазифалар белгиланди.


Шу куни депутат Янгиер шаҳридаги касб-ҳунар техникумида ҳам бўлиб, таълим муассасаси фаолияти билан танишди ва ўқувчилар ҳамда педагоглар билан мулоқот қилди. Учрашув давомида техникум ҳудудидаги қўшимча бинодан фойдаланган ҳолда замонавий устахоналар ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Мазкур ташаббус ҳам мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ўрганилиб, амалга ошириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун йўналтирилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири