Хачмазда биринчи гилос фестивали
Ҳамкорларимиз саҳифаларида
Озарбайжоннинг Хачмаз шаҳрида илк бор Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр хизмат кўрсатиш агентлиги ва Хачмаз вилояти ижро ҳокимияти ҳамкорлигида “Гилос ва олча” фестивали ўтказилди.

“Зафар” истироҳат боғида ташкил этилган анжуманда меҳмонларга агрофирма маҳсулотлари тақдим этилди, иштирокчилар миллий таомлар, шунингдек хорижий давлатлар ошхонаси намуналари билан қатнашди.

Боғдорчилик, айниқса, гилос етиштиришга ихтисослашган ҳудуд - Хачмазда олча сайли ўтказилиши бежиз эмас. Мамлакатдаги гилос боғларининг 35 фоизи, гилос етиштиришнинг 42 фоизи шу вилоят ҳиссасига тўғри келади. Озарбайжонда етиштирилган гилосга ташқи бозорда қизиқиш катта. Шунинг учун ҳам Хачмаз иқтисодиётида мева экспорти алоҳида ўрин тутади.

Тадбирдан кўзланган мақсад боғбонлар етиштираётган гилос турларини намойиш этиш, фермер ва тадбиркорлар ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришдан иборат. Фестиваль меҳмонлари орасида фермерлар, қишлоқ хўжалигида фаолият юритаётган корхоналар ходимлари, олимлар ва санъат намояндалари, маҳаллий ва хорижий меҳмонлар иштирок этди. Бу ерда қизиқарли мевали композициялар, гилос ва олчадан тайёрланган турли таомлар, халқ амалий санъати асарлари намойиш этилди.

Ҳаваскор ва болалар жамоалари чиқишлари барчани мамнун қилди. Фестивалда мутахассислар томонидан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига маслаҳат хизматлари ҳам кўрсатилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА