Гулруҳ Неъматова: Ҳозирги ёш журналистлар машҳурлик кетидан қувмоқда…
Алфраганус университети Филология факультети Шарқ филологияси кафедраси катта ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Гулруҳ Неъматова билан бугунги ёш журналистларнинг энг кўп йўл қўяётган хатолари, медиа соҳасидаги оғриқли нуқталар ҳамда ҳақиқий профессионал журналист қандай бўлиши кераклиги хусусида суҳбатлашдик.
– Устоз, бугунги кун журналистикаси қандай бўлиш керак? Ушбу соҳага кириб келаётган ёшларнинг хатолари нималардан иборат?
– Афсуски, бугунги кунда медиа соҳасида оғриқли нуқталаримиз жуда ҳам кўп. Буларнинг энг биринчиси, матбуот анжуманлари бўлсин ёки брифинг, конференциялари бўлсин, барчасида интервью олиш жараёнида ёхуд репортаж тайёрлаш вақтида журналистларимиз йўл қўядиган энг катта хато – бу нотўғри савол бериш! Яъни, саволни эгаси мутасадди шахсга ўша вазиятдан келиб чиқиб эмас, балки уларнинг кўпинча шахсий ҳаётига боғлиқ саволлар беради.
Лекин масалага индивидуал ёндашадиган бўлсак, ҳар бир ташкил этилаётган конференция ёхуд матбуот анжумани қайсидир мақсад ёки муаммонинг ечимига бағишланган бўлади. Айнан савол беришдан олдин журналистларимиз ва мухбирларимиз, энг аввало, ўзлари нима хоҳлаётганини англаб олишлари керак.
Нотўғри савол бериш орқали журналист нафақат ўзининг обрўсига, балки у фаолият юритаётган оммавий ахборот воситасининг ҳам обрўсига жиддий зарар етказиши мумкин.
Энг ачинарлиси, бугунги кунда ёш журналистлар асосан телеканаллар ёки ижтимоий тармоқлар орқали машҳурликка интилишга ҳаракат қилмоқда. Ахир, журналист ўзини кўз-кўз қиладиган инсон эмас. Журналист жамиятда “тўртинчи ҳокимият” номи берилган катта мавқега эга шахс ҳисобланади.
– Шу ўринда, ёш журналистларга қандай тавсиялар берасиз?
– Даставвал, журналист ўз олдига муайян бир мақсадни қўйиб олиши, шунга интилиши ва плагиатликдан қочиши зарур. Ҳозир биз кўп дуч келадиган ҳолат – журналистнинг пресс-релизга суяниб қолиши уларнинг энг катта хатоси ҳисобланади. Чунки, пресс-релизни журналист бўлмаган инсонлар ҳам ёзиши мумкин.
Шуни ёдда тутиш керакки, пресс-релиз журналистни танбал ва дангаса қилиб қўяди. Натижада журналист ўзининг фикрлаши, дунёқарашини кенгайтириши ва вазиятни олдиндан тахмин қилиш қобилиятини чеклаб қўяди.
Хўш, бу вазиятга тушмаслик учун нима қилиш зарур?
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев таъкидлаганидек, журналистда ҳамиша “учинчи кўз” очиқ бўлиши керак. Яъни, шоирлар айтгани каби ижодкор оддий оқ қоғоздан гул ундира олиши зарур. Журналист иккита кўзда кўра олмаган ҳақиқатларни ўзининг учинчи кўзи билан кўриши керак. Бу, албатта, мажозий маънода. Бу дегани журналист тиришқоқ, ўз устида мунтазам ишлаши, шу билан бирга, халқпарвар, ҳақиқатгўй бўлиши шарт.
– Сизнингча, ҳақиқий ва жонкуяр журналист қандай бўлмоғи лозим?
– Устозимиз Аҳмаджон Мелибоев “журналистда жасорат, маҳорат ҳамда башорат бўлиши лозим, мана шу учтаси бирлашганида ҳақиқий профессионал журналист саҳнага чиқади”, деб кўп таъкидлар эдилар. Бу ҳақ гап! Тажриба, илмий изланиш ва педагогик фаолиятимиз давомида қайта-қайта шунга амин бўлдикки, ҳақиқатда журналистда агар жасорат бўлмаса, “бу хабарни етказсам кимдир менга таҳдид қилади”, деган қўрқув билан яшайди. Бу, албатта, нотўғри. Биринчи навбатда, журналистда ёзиш кўникмаси бўлиши ва кенг фикрлаши шарт.
Ёза олмаган журналистдан профессионалликни кутиш қийин. Журналистик маҳорат бўлиши учун, аввало, жуда ҳам кўп китоб ўқиши керак. Китобни шунчаки ўқиш эмас, уни англаш зарур.
Бундан ташқари, башорат – агар журналистда вазиятни олдиндан кўра олиш қобилияти бўлса, у ҳеч қачон ўзи жамоатчиликка тақдим қилган ахборотида ҳадик ва қўрқув сезмайди. Худди мана шу уч устундан бири бўлмаса, жамиятдаги муаммолар олиб чиқилади-да, асло ечими топилмайди ва аҳоли кимга ишониб, нима қилишни билмай қолади. Мана шунинг учун журналистдан жасорат, маҳорат ва башорат талаб қилинади.
Мухтасар айтганда, журналистлар тақдим қилаётган маълумотларга ўзи ишонмас экан, жамоатчиликни ҳам ишонтира олмайди. Бугунги кунда тезкорлик авж олган даврда “хабарларни тезкор етказишим керак” деб текширилмаган маълумотларни оммага олиб чиқиш ҳам журналист деган номга доғ туширади. Шу сабабли, ҳар бир ахборотни аввал текшириб, сўнгра таҳлил қилиб, кейин жамоатчиликка етказиш мақсадга мувофиқ. Ҳар бир ёш журналист ўзида катта масъулиятни ҳис қилиши шарт!
Муҳаммадқодир Ясинов суҳбатлашди,
ЎзА